Маданият вазирлиги «Humo Arena» комплексида 25 декабрь куни бўлиб ўтиши режа қилинган «TikTok Fest» шоу-концерти юзасидан муносабат билдирди.

Россиялик тиктокерлар Даня Милохин, Артур Бабич, Егор Шип, Анет Саи, Ваня Дмитриенко ва Аня Покров иштирок этиши кутилаётган ушбу концерт ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлаётганди.

Вазирлик эса бу каби шоу-концерт томошаларини ташкил этиш вазирлик томонидан эмас, балки хусусий тадбиркорлар томонидан амалга оширилишини таъкидлаб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига барча фикрларни ваколатли мутассадди органларга йўллашни тавсия қилди.

Қайд эилишича, президентнинг тегишли фармони билан концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш — ваколатли бўлган ИИВ, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

«Шу асосда, концерт-томошаларнинг савияси, мазмун-моҳияти, ғоясини таҳлил қилиш, томоша бўйича якуний хулосалар бериш ҳам маҳаллий ижроия ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган тузилманинг вазифаси ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Вазирлик Ўзбекистон ҳудудида ўтказиладиган ҳар қандай маданий-маърифий тадбирлар, шоу-томошалар ҳамда концерт дастурлари ўзбек халқи миллий менталитети, ахлоқий тарбияси, тарихан бой маданияти, ёшлар дунёқараши бу каби шоу-дастурларни асло қабул қилмайди, деган фикрда.

«Маданият вазирлиги „ТikTok Fest“ шоу-концертини маънавий жиҳатдан ёшлар онгига, дунёқарашига салбий таъсир этади, деб ҳисоблайди. Зеро, бир неча минг йиллардан буён шаклланиб, қон-қонимизга сингиб кетган инсоний фазилатлар, одоб-ахлоқ меъёрлари таъсирида пайдо бўлган тарбиямиз ҳам буни рад этади», — дейилади вазирлик муносабатида.

Ëшлар ишлари агентлиги ахборот ва Медиа хизмати раҳбари Нодир Абдуқодировнинг ёзишича, вазият бўйича ўрганишлар олиб борилган ва ТikTok Fest концерти бекор қилинган. Шу куни Ҳумо аренада бошқа тадбир ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида Ўзбекистонда Twitter, TikTok ва VKontakte ижтимоий тармоқларидан фойдаланиш чекланган эди.