«Адолат» СДП Ўзбекистонда TikTok тармоғини бутунлай блоклашни таклиф қилмоқда. Партия буни «ёш авлоднинг «тиктокер"лик васвасасида олаётган турли-туман видеолари орасида ўзгалар ҳаётига дахл қилувчи номақбул кадрларнинг ҳам кўпаяётганлиги» билан изоҳлаган.

Партия шу кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, самарқандлик йигитлар кўчада йўловчини тепкилаганлиги акс этган видеотасвирни мисол қилиб келтирган. «Бирор сабабсиз, шунчаки тармоқ „юлдузи“ бўлиш илинжида қасддан қилинган ушбу тажовузкорлик, кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда», дейилади хабарда.

Самарқанддаги безорилик шаҳардаги 45-мактабнинг 8-синф ўқувчи йигитлари томонидан содир этилганлиги аниқланиб, вояга етмаган йигитларнинг ота-оналарига нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

«Бундай иллатларга биргаликда курашмас эканмиз, пана-паналарда майда безориликлар авж олиб бораверади. Умуман олганда бундай ҳолатларни майда безорилик деб ҳам атаб бўлмайди. Қадриятларимизга зид қарашлар ортидан эргашаётган фарзандларимизнинг бундай хунук хатти-ҳаракатларини шунчаки ёшлик бебошликларига йўйиб юраверар эканмиз, юртимиз ва давлатимиз ёрқин келажагини жиддий хавф остига қўйган бўламиз», — дея таъкидламоқда «Адолат» СДП.

Партия фаоллари «зўравонликка тамомила қарши инсонлар сафида» туриб, ёшларни «миллатимизга ёт бўлган ҳар қандай ғоя ва қарашлардан ҳимоялаш тарафдори» эканликларини билдиришган.

«Керак бўлса жиноий жавобгарлик чораларини кучайтиришимиз, фойдасидан кўра зиёни кўп бўлаётган интернет тармоғидаги Tik-Tok сингари мобил иловаларни содир бўлаётган кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда бутунлай блоклашимиз лозим», — дея таклиф қилмоқда партия.

Партияга кўра, тармоқ мамлакатда «машҳурликга ўч ёшлар онгини заҳарлаб, ижтимоий тармоқда шухрат қозонишга „олтин кўприк“ вазифасини» ўтамоқда. Шунингдек, мавжуд тақиқларга қарамай, VPN иловаси орқали уланиш имконияти борлиги масаланинг аҳамиятини янада ошириши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг сентябрида «Миллий тикланиш» партияси ҳам TikTok тармоғини блоклашни таклиф қилган эди. Декабрь ойида «TikTok Fest» шоу-концерти бекор қилиниб, Маданият вазирлиги тадбир ёшлар онги ва дунёқарашига салбий таъсир кўрсатишини айтган эди.

2021 йилнинг июль ойида «TikTok», «Twitter», «Skype», «VKontakte» ва «WeChat» ижтимоий тармоқлари фаолияти чекланган эди. Декабрь ўртасидан TikTok фойдаланувчилари тармоқ очилишни бошлаганини маълум қилишганди.

Ўтган йил декабрь ойида бўлиб ўтган Ёшлар форумида Тошкент ҳокими TikTok блокланиши ҳақида фикр билдирган эди.

«TikTok масаласи бўйича бу битта платформа у ерда контентлари ҳар хил. Ҳамма ўзига керакли контентни олиб қарайди. Лекин минг афсуски, тақиқни қўйган одамлар кераксиз контентга кирганлиги кўриниб турибди. Агар керакли контентларга кирганда ҳеч қандай платформани зарари йўқ деб ўйлайман» — деганди пойтахт ҳокими. Ўша форумда адлия вазири Русланбек Давлетов ахборот алмашинуви эркинлиги тарафдори эканлигини маълум қилган. «Ҳозирги асрда ахборотни ҳеч қачон чеклаб, сиз уни устига ўтириб, жиловлай олмайсиз» — деган эди у.