TikTok Ўзбекистонда қадриятлар, урф-одатлар ва менталитетга мос тарзда яна қайта очилиши мумкин. Буни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов маълум қилди.

Унинг ўз телеграм каналида ёзишича, TikTok компанияси вице-президенти доктор Тео Бертрам ҳамда компания масъул ходимлари билан онлайн учрашув ўтказган ва ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

«TikTok вакилларига тармоқнинг ички нормалари ва айрим тартиб-қоидаларини кўриб чиқиш, уни Ўзбекистон қадриятлари, урф-одатлар ва менталитетимизга мослаш бўйича таклифлар бердим. Улар томонидан бу таклиф албатта инобатга олиниши, бу борада ҳамкорлик, шу билан бирга ўзбек тилини ҳам киритишга тайёр эканликлари маълум қилинди», — деб ёзди Комил Алламжонов.

Шунингдек, у TikTok зарарли бўлса уни фойдали ресурсга айлантириш лозимлигини, шу ва бунга ўхшаш компаниялар фаолиятини чеклаш эмас, балки улар билан яқиндан мулоқот, ҳамкорлик ўрнатган ҳолда ишлаш ҳамма учун кўпроқ манфаатли ва тўғрироқ бўлиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирган.

Ўзбекистонда 2 июлдан бери «TikTok», «Twitter», «Skype», «VKontakte» ва «WeChat» ижтимоий тармоқлари фаолияти чекланган. Ушбу платформалар ҳануз Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрида қолмоқда.

Чоршанба куни TikTok фойдаланувчилари тармоқ очилишни бошлаганини маълум қилишганди. Бироқ, пайшанба куни «Газета.uz» текширганида TikTok узилишлар билан ишлаётгани маълум бўлди.