Тўлдириш: Хабар эълон қилингач ҳар уччала ижтимоий тармоққа кириш яна қийинлаша бошлади.

Ўзбекистонда ўтган йили блокланган Twitter, TikTok ва «ВКонтакте» ижтимоий тармоқларининг сайти, мобил интернет версияси ва иловаси эркин очилишни бошлади. Бу ҳақда ушбу тармоқ фойдаланувчилари маълум қилмоқда.

Бу нима боғлиқ эканлиги ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Ижтимоий тармоқларнинг очилиши қанча вақт давом этиши ҳам аниқ эмас. Сўнгги кунларда кўплаб блогерлар ушбу тармоқларни очишни сўраб бир неча маротаба постлар ёзишган эди.

Инвестор, Бизнес ва инвестициялар бўйича Ўзбекистон-Европа кенгаши (Брюссель) бош котиби Ойбек Шайхов феврал ойининг охирида шундай ёзганди: «Узоқ вақт давомида рақамли реалликда яшаб келаётган дунёда, ҳукуматнинг сифатли, расмий ва тезкор коммуникацияси мамлакат ҳақида тўғри фикрни шакллантириши мумкин, акс ҳолда ушбу ташаббусдан нодўстона бўлган ташқи кучлар фойдаланиши мумкин».

«Twitter — бу тўғри фикрни шакллантириш учун ҳам, потенциал дезинформация учун ҳам ишлатилиши мумкин бўлган кучли воситадир. Мамлакат нафақат ушбу ресурсни блокдан чиқариши, балки ижтимоий тармоқлар орқали оператив ташқи алоқа бўйича давлат стратегиясини ҳам қабул қилиши керак», — деди у.

2021 йил июль ойида «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунни бузгани учун Twitter, TikTok, «ВКонтакте», WeChat ва Skype мессенжерига киришни чеклаган эди.

Ноябрь ойи бошида Telegram, Facebook, «Одноклассники», YouTube ва бошқа сайтлар ҳам қоидабузарлар реестрига киритилди. Бу жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлди ва бир неча соатдан кейин кириш тикланди. «Ўзкомназорат» раҳбари лавозимидан озод этилди, бироз вақт ўтгач, АКТ вазирлиги раҳбари ва бош вазирнинг IT бўйича маслаҳатчиси ўз лавозимларини тарк этди. Бугунги кунга қадар TikTok, Twitter, «ВКонтакте», WeChat ва Skype`га кириш чекланганлигича қолаётганди.

Ҳозирча расмий идоралар томонидан бу ҳолатга изоҳ берилмади.

Ўзбекистонда TikTok, Twitter ва «ВКонтакте» ижтимоий тармоқлар фаолиятига чеклов қўйилганидан сўнг, VPN дастурига талаб бирданига ортганди. Сўнгги марта бундай ҳолат 2018 йилнинг кузида, Facebook ва YouTube блокланганида кузатилган эди.

Ҳозиргача Twitter ижтимоий таррмоғига фақатгина VPN (Virtual Private Network) орқали кириш мумкин эди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Ўзбекистонда Twitter фаолияти чекланганига қарамасдан, давлат органлари ва расмий шахслар, жумладан Сенат раҳбари Танзила Нарбаева ҳамда президент матбуот хизмати мазкур ижтимоий тармоқда постлар эълон қилишда давом этаётгани ҳақида хабар берилганди.