5 мартдан бошлаб Россия Ветеринария назорати ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмат (Росселхознадзор) илгари қўйилган чекловларни бекор қилиб, 9 мамлакатдан Россияга сабзавот маҳсулотларини олиб киришга рухсат берди.

Қуйидагиларни олиб киришга тақиқ олиб ташланди:

  • Арманистондан помидор;
  • Озарбойжондан помидор;
  • Беларусдан помидор ва қалампир;
  • Қозоғистондан помидор ва қалампир;
  • Туркманистондан помидор ва қалампир;
  • Қирғизистондан помидор ва қалампир;
  • Ўзбекистондан помидор ва қалампир;
  • Мисрдан картошка;
  • Туркиядан помидор, қалампир, қовоқ ва бақлажон

«Қарор юқоридаги мамлакатларнинг ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича миллий ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумотлар, шунингдек, Россия Федерацияси ва ЕОИИ аъзо давлатларининг фитосанитария талаблари бузилишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотлар таҳлили асосида қабул қилинди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 26 ноябрида Росселхознадзор Фарғона вилоятида етиштириладиган сабзавотларда карантин касаллиги тобамовирус аниқланганлиги боис уларни олиб киришга тақиқ қўйганди. Ундан сўнг, ўша йилнинг 9 декабрига келиб уруғли жигарранг буришган вирус сабаб Қашқадарё ва Навоий вилоятларидан помидор ва қалампир олиб киришни таъқиқлади.

2021 йилнинг 14 апрелида эса Росселхознадзор Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг кафолати билан Фарғона, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги 17 та корхонага Россияга помидор ва қалампирни етказиб беришга рухсат берди. Бироқ, бутун мамлакат бўйлаб помидор ва қалампир етказишга тақиқ сақланиб қолганди.