АҚШ президенти Жо Байден 1 март куни мамлакат Конгрессида сўзлаган нутқида Америка ўз осмонини Россия самолётлари учун ёпишини маълум қилди.

«Биз иттифоқчиларимизга қўшилиб, Америка ҳаво ҳудудини Россиянинг барча рейслари учун ёпиб қўямиз, бу эса Россияни янада яккалаб қўяди ва уларнинг иқтисодиётига босимни кучайтиради», — деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан санкциялар доирасида ҳар қандай рус самолётларининг ЕИ ҳудудига қўниши, учиши ёки учиб ўтиши, ўз компанияларига эса Россияга самолёт ва эҳтиёт қисмлар етказиб беришни тақиқлаган эди. Россия бунга жавобан Европанинг 37 давлати авиакомпаниялари учун осмонини ёпди.

«Олти кун аввал Россия [президенти] Владимир Путин озод дунёни таҳдидкор усуллари билан ўзига бўйсундиришни ўйлаб, унинг асосларини тебратишга қарор қилди. Аммо у ҳисобда қаттиқ адашди. У Украинага кира оламан ва дунё остин-устун бўлади, деб ўйларди. Бунинг ўрнига, у тасаввур ҳам қила олмайдиган куч тўсиғига дуч келди. У Украина халқи билан тўқнаш келди. […] Шаҳарликлар ўз таналари билан танклар йўлини тўсдилар. Талабалардан тортиб, нафақадаги ўқитувчиларигача ватанни ҳимоя қиладиган аскарларга айландилар», — дейди у.

Жо Байден АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни санаб ўтди ва янги қарши чораларни эълон қилди.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, АҚШ Адлия вазирлиги россиялик олигархлар жиноятларини тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузади. «Биз Европадаги иттифоқчиларимиз билан яхталарингизни, ҳашаматли апартаментларингизни, шахсий самолётларингизни топиб, тортиб олиш учун ҳамкорлик қиляпмиз», — деди давлат раҳбари.

АҚШ президенти Украинага 1 млрд доллар миқдорида тўғридан-тўғри ёрдам берилишини ҳам маълум қилди.

Шу билан бирга, Жо Байден АҚШ ҳарбийлари Украинадаги рус қўшинлари билан тўқнашувда қатнашмаганини ва қатнашмаслигини таъкидлади.

«Бизнинг кучларимиз Европага Украинада жанг қилиш учун эмас, Путин ғарбга ҳаракат қилишни давом эттиришга қарор қилса, НАТО бўйича иттифоқчиларимизни ҳимоя қилиш учун кетмоқда. Шу мақсадда НАТО мамлакатлари, жумладан Польша, Руминия, Латвия, Литва ва Эстонияни ҳимоя қилиш учун АҚШ қуруқликдаги кучлари, ҳаво отрядлари ва кемаларини сафарбар қилдик», — деди у.

«Қўшма Штатлар ва бизнинг иттифоқчиларимиз бутун кучимиз билан НАТО ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилади», — деди АҚШ президенти.

Жо Байден, шунингдек, Қўшма Штатлар ва бошқа 30 та давлат бутун дунё бўйлаб захиралардан 60 млн баррел нефтни чиқариш бўйича ишларни якунлаганини эълон қилди.

«Америка стратегик нефт захираларимиздан 30 млн баррелни бўшатиш орқали бу саъй-ҳаракатларга раҳбарлик қилади. Ва агар керак бўлса, иттифоқчиларимиз билан кучларни бирлаштириб, кўпроқ нарсани қилишга тайёрмиз. Бу қадамлар нархларни пасайтиришга ёрдам беради», — деди у.

«Бу ҳақиқий синов. Бу вақт талаб этади, — деди Жо Байден Украинадаги вазиятга қайтар экан. — Шундай экан, келинг, Украина халқининг темир иродасидан илҳом олишда давом этайлик. […] Путин Киевни танклар билан ўраб олиши мумкин, лекин у ҳеч қачон Украина халқининг юрагини ва қалбини забт эта олмайди. У ҳеч қачон уларнинг озодликка бўлган муҳаббатини сўндиролмайди. У ҳеч қачон озод дунёнинг қатъиятини заифлаштиролмайди».