Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси мамлакатдаги ўзбекистонлик фуқароларни эвакуация қилиш ишлари ҳақида қўшимча маълумот берди.

Таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари Украина-Польша чегарасини кесиб ўтишни бошлаган. Чегара зонасини кесиб ўтиш тажрибасига асосланиб, Украина ва Польша чегарачилари, биринчи навбатда, аёллар ва болаларни ўтказмоқда. Чегарани кесиб ўтиш жуда узоқ вақт талаб этмоқда. Биринчи гуруҳ учун бу жараён 14 соат давом этган. Бундан ташқари, Львовга кўп сонли қўшимча эвакуация поездлари етиб келганини ҳисобга олиб, чегарани кесиб ўтиш вақти чўзилиши мумкинлиги айтилган.

«Чегарада одамларнинг кўплиги туфайли аввал эълон қилинган „яшил йўлак“ ишламаяпти, чегарани ўтиш фуқаролигидан қатъи назар, навбат асосида амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

Шунингдек, чегарани кесиб ўтиш пиёда амалга оширилаётгани сабабли фуқаролардан чегарада ҳаво совуқлигини ҳисобга олишлари сўралган.

«Ҳужжатлари бўлмаган (у ёки бу сабабларга кўра) фуқароларимиз учун шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг ҳеч бўлмаганда қоғоз кўринишидаги нусхаси ёки мобил телефонида сканер қилинган нусхаси бўлишини сўраймиз», — дейилган элчихона маълумотида.

Чегара олдидаги тирбандлик ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда элчихона аёллар ва болаларни имкони борича чегарага яқинроқ жойга етказишни таъминлаши айтилган.

Бундан ташқари, мустақил равишда чегарага етиб бориш имкониятига эга бўлган фуқароларга тўғридан-тўғри чегарага бориш тавсия этилган.

Элчихона Львовга етиб келган Ўзбекистон фуқароларига алоҳида мурожаат қилиб, улардан хотиржам бўлишни сўраган.

«Афсуски, диаспорамиз вакили М.Солиев бир вақтнинг ўзида юзлаб одамларнинг муаммоларини жисмонан ҳал қила олмайди. Шу муносабат билан, имкон қадар бир-бирингизга ёрдам беришингизни, юртдошларимизга келишни мувофиқлаштиришда ёрдам берадиган кўнгиллилар гуруҳларини шакллантиришингизни илтимос қилиб мурожаат қилмоқда», — деб ёзади элчихона.

Элчихона ўзбекистониклардан энг аввало, аёллар, болалар, талаба-ёшлар ва кексаларга ёрдам беришларини сўраган.

Таъкидланишича, Польша томонида Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси вакили жойлашган бўлиб, ўзбекистонликларни ватанга жўнатиш ишларини мувофиқлаштиради. У ҳужжатларни аэропортда расмийлаштиради, дейилади хабарда.

«Молдова ҳудудига саёҳат қилиш билан боғлиқ сўровлар келиб тушмоқда. Уларни инобатга олган ҳолда шуни маълум қиламизки, хавфсизлик тамойилидан келиб чиқиб, агар фуқароларимизга Молдовага бориш осонроқ бўлса, ушбу вариантни кўриб чиқишлари лозим. Шу билан бирга, Молдовада бизнинг Элчихонамиз мавжуд эмаслиги ва мамлакатнинг авиация майдони ҳаво қатнови учун ёпиқ эканлигини маълум қиламиз. Ҳозирда ушбу мамлакатда бўлган фуқароларга ёрдам бериш учун штаб ташкил этилмоқда. Штабнинг алоқа учун маълумотлари қўшимча равишда жойлаштирилади», — дейилган элчихона маълумотида.

Маълумот учун, 26-февраль куни Тошкент вақти билан соат 20:30 да 90 дан зиёд Ўзбекистон фуқароларидан иборат биринчи эвакуация гуруҳи Львовдан «Краковец» назорат-ўтказиш пункти йўналиши бўйлаб йўлга чиққан эди.

Бундан аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги Украина ҳудудида 4300 га яқин Ўзбекистон фуқароси борлиги ва улар рўйхати янада аниқлаштирилаётгани ҳақида хабар берганди.