Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида боғча ходимлари кўп қаватли уйларнинг подъездларини тозалашга жалб қилингани юзасидан вилоят Мактабгача таълим бошқармаси муносабат билдирди. Ушбу мавзуни ёритган Kun.uz боғча тарбиячилари тозалаш ишларига шаҳар ҳокимининг топшириғи билан чиқарилганини маълум қилган эди.

МТБ хабарига қайд этилишича, ҳолат 17 февраль куни бошқарма, Зарафшон МТБ ҳамда бошқа масъуллар томонидан атрофлича ўрганилган.

Аниқланишича, тозалаш ишларида қатнашаётгани акс этган суратдаги фуқаролар ҳақиқатдан ҳам Зарафшон шаҳридаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида ишлаётган ходимлар бўлган. Уларнинг ихтиёрий берган тушунтиришларига кўра, фуқаролар ўзларининг яшаш уйларини иш вақтидан ташқари ва дам олиш кунларида қўшнилари билан келишилган ҳолда доимий равишда тозалаб туришини билдирган. Улар бу ишларни қилишга уларни ҳеч ким мажбур қилмагани ва тарқалган суратларни ким олганидан хабари йўқлигини айтишган.

Мазкур ҳолат бўйича Зарафшон шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳам расмий муносабат билдирди.

«Одамларнинг ўз хонадонини обод қилиши, кўп қаватли уйининг йўлакларини тозалаши қачондан бери мажбурий меҳнатга айланди экан? Kun.uz телеграм каналида эълон қилинган мақола мазмунидан англаш мумкинки, ўз уйингни тозаласанг „МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ“ бўлар экан. Мана шу мақола орқали бизнинг асл илдизларимизга, азалий қадриятларимизга, ўзлигимизга болта урилмаяптимикан? Ахир ўз уйини тозалаши ёки обод қилиши ҳақида унга тавсия берилиши, айтилишининг нимаси ёмон?» — дейилади Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими (МОҚҚБ) баёнотида.

МОҚҚБ мазкур тадбир ёки ташаббусда фақатгина мактабгача таълим муассасалари ходимлари эмас, балки бутун шаҳар аҳолиси, барча ташкилот ва корхоналар фаол иштирок этаётганини маълум қилди.

«Улар ўз хонадони, маҳалласи, шаҳри ободлигига, ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Бугун яшаб турган замондошларимиз, яқинларимиз, ота-онамиз, ҳозирги авлод ҳам қалблар поклигини, хонадонлар ободлигини кўриб, шунга ўз ҳиссасини қўшиб яшаяпти», — дейилади хабарда.