Андижон вилояти Асака туманида уч фуқаро кўмир ис газидан заҳарланишдан вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов «Газета.uz»га хабар берди.

Ҳодиса Чек МФЙ ҳудуди ўрамида жойлашган «Асака зотли чорваси» фермер хўжалигига тегишли дала шийпонида юз берган.

Дала шийпонида бўлган уч эркак — фермер хўжалигининг ёлланма ишчилари (икки нафари 48 ёшда, бири 61 ёшда бўлган — таҳр.) хонадаги хонтахтадан қўлбола усулда сандал тайёрлаб, унинг ичига кўмир ёқиб иситишган ва бунинг оқибатида кўмир ёнишида ҳосил бўлган ис газидан вафот этишган.

Марҳум фуқаролар Д.Хожиматов, Б.Якубжонов ва М.Хакимовлнинг баданлари кўздан кечирилганида, тан жароҳати ва жароҳат излари аниқланмаган. Марҳумларнинг вафоти юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Ҳозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.