Душанба куни ОАВ олдидаги ҳисобот вақтида адлия вазири Русланбек Давлетов коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясининг фаолияти қонунийлиги ҳамда унинг қарорлари нима сабабдан эълон қилинмаслигига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Аввалроқ, блогер Отабек Бакиров ташкил этилганига 2 йилдан ошган Махсус комиссия гарчи ваколатлари на қонунларда, на Конституцияда кўрсатилган бўлса-да, ўтган давр мобайнида иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт, ҳаракатланиш ва инсон ҳуқуқларини чеклаш, тартибга солиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириб келаётганини танқид қилганди.

«Махсус комиссияни ташкил этиш бўйича фармойишда унинг бу бўйича ваколат ва айниқса жавобгарлиги кўрсатилмаган. Дунё тажрибасига қарасак, бирон бир давлат бундай гибрид структурани яратгани йўқ, пандемия ва постпадемия даврида барча масалалар қонунлар бўйича масъулият, мандат ва ваколатларга эга ҳукумат тарафидан амалга ошириб борилмоқда. Шу маънода Махсус комиссияни тугатиш вақти етиб келмадимикан?», — деб ёзганди у.

Қолаверса, блогер «2 йилдан буён бизнинг ҳаётимизга аралашиб, чеклаб, тартибга солиб келаётган комиссиянинг қарорлари» имзоланган, рақамланган, рўйхатга олинган ва реестрга солинган ҳолда бирор бир база ёки платформада сақланганини сўроқ остига олганди.

Вазир журналистлар билан учрашувда шу масалага ҳақида фикр билдириб, бу борада «жуда кўп жавоб берилганини» таъкидлади.

«Махсус комиссиянинг ваколатлари тўғридан-тўғри қонун ҳужжатида ёзилган. Қонун ости ёки бошқа эмас. Бу Аҳолининг санитария-эпидемиология осойишталиги тўғрисидаги қонунда ёзилган. Ўша қонунда ёзилган: чекловчи, карантин нимадан иборат бўлиши мумкин, қандай амалга оширилади, ким амалга оширади, Вазирлар Маҳкамасининг ваколати бор, ҳокимликларни ваколати бор, 31 моддасида ёзилган», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясига ўхшаган комиссия 2000 йилда ҳам бўлган.

«2000 йилда Вазирлар Маҳкамасининг умумий эпидемиология бўйича комиссияси бўлган. Олдин ҳам ҳудди шундайн ваколатлари бўлган, у пайтда ҳеч ким гапирмаган. Чунки ҳукумат бу тизимни бошқариши керак. Ҳокимликларни карантин киритиш ҳуқуқи бор. Мана шу қонунда ёзилган. Энди қонунда ёзилган нарсани ҳеч ким инкор қилмаса керак», — дея таъкидлади Русланбек Давлетов.

Таъкидланишича, комиссиянинг қарорлари норматив-ҳужжат ҳисобланмайди.

«Комиссияни қабул қилаётган ҳужжатлари норматив-ҳуқуқий ҳужжат эмас, билиб қўйинглар шуни. Олдин ҳам айтганмиз буни. Бу карантин белгилайдиган, СЭС қабул қиладиган ҳужжатларнинг кўриниши. СЭСни талаблари ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатга кирмайди. Тўғри, норматив талаблари бор, яъни одамларни хатти-ҳаракатига уларни бир жойдан иккинчи жойга юришига чекловлар белгилайди. Бу чекловлар белгилаш ҳуқуқи бевосита қонунда ёзилган. Чеклов киритиш мумкин, бутун дунё, ҳамма давлат киритди. Биз ҳам киритдик, комиссиянинг шунга тўлиқ ҳуқуқи бор. Бу борада ҳеч қанақа масала бўмаслиги керак», — деди вазир.

«Ҳозир ҳаммамиз ўтириб танқид қилишга мардмиз, лекин, 2020 йил мартдаги аҳволимизни бир тасаввур қилинглар, бутун дунё қандай депрессияга тушиб қолганди. Нима ҳаракат қилишни, нима бу бало эканлигини билмаганмиз-ку. Шунинг учун у ерда мобилизация, хавфсизлик, чегара билан боғлиқ бўлган жуда кўп асосий масалаларни комиссия ҳал қилган», — деди у.

Қолаверса, вазир махсус комиссия қабул қилаётган ҳужжатлар нима сабабдан жамоатчиликка эълон қилинмаётганини айтди.

«Биз қонунчиликда ҳам иложи борича асосий масалаларни, умуммажбурий бўлган, ҳамма аҳолига тааллуқли бўлган нормаларни шу [Telegram] каналлар орқали бериб боришни йўлга қўйганмиз. Бу протоколларини ҳаммаси Вазирлар Маҳкамасида ўзини ички тартибига асосан, белгиланган регламентига кўра, рўйхатдан ўтган, рақамланган ва тегишли жойда сақланаяпти. Шунинг учун чоп этилмаган. Тўғри, бу танқид қилинди, биз танқид деб қабул қилдик. Лекин у ерда [қарорларда] ёзилган ҳамма нарсани бериб бўлмас эди. Энг асосийси комиссиядаги қоидалар, аҳолига тегишли бўлган умуммажбурий ҳамма ахборот вақтида етказиб турилди», — деди Адлия вазирлиги раҳбари.

У шунингдек, камчиликлар бўлганини ҳам тан олди. «Ҳеч ким буни инкор этмайди. Ҳаммаёқда камчиликлар бўлди. Буюк Британияда ҳозиргача полицияни ҳаққи йўқ эди, машинамни жаримага қўйди, деб судлашишади. Ҳудди ўзимизга ўхшаган. Буюк Британияда 300 йиллик қонун устуворлиги қадриятлари бор. Яъни бу ҳолат инсоният тарихида ноодатий ҳол бўлди. Ҳеч ким камчиликлар йўқ деб айтмайди, фақат буни сизга тўғри тушунтиришга ҳаракат қилаяпман», — деди Русланбек Давлетов.

Матбуот анжуманидан сўнг, блогер Отабек Бакиров яна бир бор ўзининг эътирозларини билдирди.

«Мазкур қонун аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Қонунда санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш бўйича бирон комиссия, вақтинчалик комиссия ё махсус комиссия бўйича бирон ҳавола йўқ. Ҳа, Юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда чекловчи тадбирлар (карантин) белгиланиши мумкин. Чекловчи тадбирларни жорий этувчи орган сифатида Вазирлар Маҳкамаси кўрсатилган. Яъни қонунда Махсус комиссия эмас», — деди у.

«Махсус комиссия тугатилсин ва қонунчиликка қайтилсин. Чекловчи тадбирлар, агар зарурат бўлса, Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилсин. Ҳар бир қарор Ҳукумат қарори сифатида расмийлаштирилсин. Чунки Ҳукуматнинг қароридагина, агар у расман қабул қилинса ва расман очиқланса — масъулият ва жавобгарлик бўлади», — дея таъкидлади Отабек Бакиров.

«Махсус комиссиянинг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга умуман алоқаси йўқ, иқтисодий, ижтимоий ва ҳатто имтиёзлар тақдим этиш билан боғлиқ қарорларини яна бир марта келтириб ўтирмаймиз», — дея қўшимча қилди блогер.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 30 июнида «Газета.uz» «Карантин чекловлари борми ёки йўқми?» номли мақолани эълон қилганди.

Унда коронавирус тарқалиши сабабли 28 июндан карантин чекловлари кучайтирилгани, лекин оммавий тадбирларни ушбу чекловларга амал қилмаган ҳолда ташкиллаштириш давом этаётгани, жамоат транспортида уларга риоя қилишнинг эса иложи йўқлиги танқид қилинганди.

Қолаверса, махсус комиссиянинг ўзи ҳозиргача барча қарорлари эълон қилинадиган ва хроноголик тартибда сақланадиган расмий сайт очгани йўқлиги қайд этилганди. Ҳозиргача комиссиянинг қарорлари турли идоралар томонидан ва турли манбаларда, шу жумладан Telegram мессенжерида эълон қилиб келинмоқда.

Яна бир ҳолат. 2 февраль куни ССВ комиссиянинг 7 февралдан ОТМларда ўқув жараёни анъанавий шаклга ўтказилиши ҳақидаги хабарини эълон қилди. Бироқ, 3 февраль куниёқ ОТМлар 24 февралгача босқичларга қараб талабаларни офлайн қабул қилиши ҳақида хабар тарқатди. Бу ўз-ўзидан талабалар ва уларнинг ота-оналари ўртасида тушунмовчиликни юзага келтирди.

Шундан сўнггина, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ОТМларда ўқув жараёнлари 7 февралдан 24 февралга қадар босқичма-босқич анаънавий шаклга ўтказилишини расман эълон қилди.