7 февралдан бошлаб умумтаълим мактаблари, профессионал, касб-ҳунар таълим ва олий таълим муассасалари, академик лицейлар ҳамда нодавлат таълим ташкилотларида ўқув жараёни анъанавий шаклга ўтказилади. Бу борада Республика махсус комиссияси тегишли қарори қабул қилинди, хабар берди ССВ.

Бунда, барча таълим ташкилотларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш ва антисептик воситалардан мунтазам фойдаланиш талаб этилади.

Вазирлик маълумотига кўра, бунга коронавирусга кунлик чалиниш ҳолатларининг камайиб бораётгани сабаб бўлган.

Таъкидланишича, мамлакатда касалликнинг тарқалганлик даражаси 0,8 ни ташкил этмоқда, ЖССТ экспертлари хулосасига кўра бу кўрсаткич 1,0 гача бўлса вазият барқарорлигини англатади.

«Шунингдек, стационардан чиқарилаётганлар сонининг стационарга ётқизилаётганлар сонига нисбатан ҳамда карантиндан чиқарилаётганлар сонининг карантинга олинаётганлар сонига нисбатан ҳам ижобий томонга силжиш кузатилмоқда», — дейилади хабарда.

Касалликнинг юқтириб олиш манбаи 35−43% ҳолатда касалланган оила аъзоси ёки қариндошлари, 6−7% ҳолатда бемор кўшнилари, 10−12% ҳолатда жамоат жойларидаги мулоқот ва 4−5% ҳолатда иш жойидаги мулоқот экани аниқланмоқда.

Таҳлилларига кўра, боғча ёшидаги (3−6 ёш) болалар ўртасида касалланиш, уй қарамоғидаги шу ёшдаги болаларга нисбатан (3−3,5 марта) кам учрамоқда.