Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Республика махсус комиссиясининг барча таълим муассасаларида ўқиш 7 февралдан бошланиши ҳақидаги қарори юзасидан қўшимча баёнотни эълон қилди.

«Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнлари 7 февралдан 24 февралга қадар босқичма-босқич анаънавий шаклга ўтказилади. Бу оралиқдаги дарс машғулотлари ҳам масофавий, ҳам анъанавий шаклда олиб борилади». — дейилади хабарда.

Бу жараён ҳар бир ОТМнинг ички имкониятлари, ўқув жараёнининг ҳозирги ҳолати, мавжуд шарт-шароитларини инобатга олган ҳолда алоҳида режа-график асосида амалга оширилади. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳар бир таълим масканининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлари орқали бериб борилади.

Бу талабаларга қулайлик яратиш, доимий яшаш ҳудудидан таълим муассасаларига хавфсиз, тирбандликларсиз етиб келишлари, жойларда авиа ва темир йўл чипталарини алмаштиришдаги ноқулайликларнинг олдини олиш ҳамда талабаларнинг ижара уйлари ва ётоқхоналарига ортиқча қийинчиликларсиз жойлашишларини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 24 февралдан бошлаб ўқув юртларида таълим жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклда олиб борилишини маълум қилди.

Маълумот ўрнида, аввалроқ, Тошкент давлат техника университети анъанавий (офлайн) дарсларга қайтиш графигини тасдиқлаганди. Унга мувофиқ, 1-босқичлар учун — 21 февралдан, 2-босқичлар учун — 14 февралдан, 3 ва 4-босқич ҳамда магистрлар учун — 7 февралдан университетга қайтиши белгиланган.