Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев маълум қилди.

Унинг ёзишича, 2020 йилнинг 27 апрель куни Бухоронинг Олот, Қоракўл, Жондор туманларида кузатилган табиий офат ҳамда 1 май куни Сардоба сув омборида юзага келган техноген оқибатларини бартараф этишда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бунда ҳаракат қилиш давлат тизими фаолиятини мувофиқлаштириш, оқибатларини бартараф этишни ташкил этишда камчиликлар кузатилган.

«Бу аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан мухофаза қилиш соҳасида, шу жумладан фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ҳамкорлик қилишнинг ҳуқуқий асосларини такоммллаштиришни тақазо этмоқда… Лойиҳа депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди», — деб ёзади депутат.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 27 апрелида Ўзбекистонга Туркманистон ҳудудидан кириб келган кучли шамол тезлиги Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида секундига 9−40 метргача етган эди. Бунинг оқибатида 41 киши жароҳатланиб, бир киши ҳалок бўлганди.

Шунингдек, уй-жойлар, автотранспорт воситалари, инфратузилма объектлари ва экин майдонларига зарар етди. Ўшанда президент Шавкат Мирзиёев табиий офат оқибатларини кўздан кечириш, зарур чора-тадбирларни белгилаш ҳамда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш мақсадида Бухорога етиб борганди. Бухоро вилоятида кучли шамол етказган жами зарар 141,6 млрд сўмни ташкил этганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, 2020 йилнинг 1 майида Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиб, ёндош туманлардаги маҳаллалар ва далаларни сув босган эди. Ўша вақтда ҳам президент зудлик билан ҳодиса юз берган жойга етиб бориб, вазиятни барқарорлаштириш ишларига шахсан бош-қош бўлди.

Бу фожиа бўйича «Газета.uz»да «Хотиржамликнинг баҳоси. Сардоба фожиаси бизга нимани ўргатди?» номли мақола эълон қилинган эди.


Сардоба фожиаси. Фото: UzReport.

Маълумот ўрнида, амалдаги «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуни 1999 йил 20 августда қабул қилинган бўлиб, 6 та боб, 27 моддадан иборат.

Қонун аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда фавқулодда вазиятлар рўй бериши ва ривожланишининг олдини олиш, фавқулодда вазиятлар келтирадиган талафотларни камайтириш ва фавқулодда вазиятларни бартараф этишни мақсад қилиб қўйган.