Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф қилиш бўйича Буҳоро вилояти тезкор штаби «Газета.uz»га маълумот берди.

Маълумотга асосан, Бухоро вилоятида 27 апрель куни содир бўлган табиий офат натижасида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида 41 927 та бино ва иншоотларга, шу жумладан 41 085 та аҳоли хонадонлари, 842 та ижтимоий соҳа (359 та мактаб, 163 та мактабгача таълим, 96 та соғлиқни сақлаш ва 224 та бошқа) объектларига турли хил даражада зарар етганлиги маълум бўлди.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, кўрилган зарар 141,6 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Ушбу зарарларни қоплаш мақсадида Республика бюджетидан 100 млрд сўм ва Бухоро вилояти бюджетидан 82 млрд сўм ажратилган.

Вилоятда табиий офатни бартараф этиш мақсадида Республика вазирлик, идора, ташкилотлар ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгаши, Тошкент шаҳар ва барча вилоят ҳокимликлари томонидан 6,4 млрд.сўм ҳомийлик маблағлари туширилган, ҳамда 2,9 млрд.сўмлик қурилиш материаллари ва 1,6 млрд.сўмлик озиқ-овқат махсулотлари етказиб берилгани маълум қилинган.

Қайд этилишича, хозирги вақтга қадар 25 909 та аҳоли хонадони, 359 та умумтаълим, 163 та мактабгача таълим, 96 та соғлиқни сақлаш ва 92 та бошқа муассасаларда таъмирлаш ишлари тўлиқ якунига етказилган.

Аҳоли турар жойлари ва ижтимоий соҳа объектларига етказилган зарарни бартараф этишда жами 32 530 нафар қурувчилар қатнашмоқда.

Бугунги кунгача электр таъминоти 97% хонадонда, табиий газ тизими бўйича зарар етказилган хонадонларнинг барчасида табиий газ таъминоти тўлиқ тикланган. Ичимлик сув таъминотидан узилиб қолган Олот, Қоракўл Ромитан, Вобкент, Когон, Бухоро туманлари ва Бухоро шаҳрида ичимлик сув таъминоти йўлга қўйилган, дейилади маълумотда.

Вилоятдаги мавжуд 97 900 гектар пахта майдонидан кучли ёмғир натижасида 6 451 гектар чигит экилган майдонларни бузиб тўлиқ қайта экиш ишлари якунланди. 12 минг 619 гектар ғалла майдонига талофат етган бўлиб, 680 гектар бузиладиган ғалла майдони ўрнига 128 гектар (45%) пахта экилди, қолган 185 гектар соя, 120 гектар кунгабоқар, 19 гектар полиз, 68 гектар мош ва 40 гектар маккажўхори экинлари экилиши режалаштирилган.

Шунингдек, вилоятда табиий офат натижасида 194 гектар иссиқхоналарга ва 2616 гектар боғларга талофат етган.

Эслатиб ўтамиз, 27 апрель куни Ўзбекистонга Туркманистон ҳудудидан кучли шамол кириб келган, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида секундига 9−40 метргача тезликда шамол эсган эди. Оқибатда 41 киши жароҳатланиб, бир киши ҳалок бўлди. Шунингдек, уй-жойлар, автотранспорт воситалари, инфратузилма объектлари ва экин майдонларига зарар етди. Президент Шавкат Мирзиёев табиий офат оқибатларини кўздан кечириш, зарур чора-тадбирларни белгилаш ҳамда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш мақсадида Бухорога етиб борган эди.