2020 йилнинг баҳори бизнинг қонимизни ичди ҳисоби. Коронавирус пандемияси, Бухоро вилоятида томларни юлиб отган кучли шамол ва ниҳоят Сардоба фожиаси. Биз қайсидир маънода телевизор экранлари орқали ўзгаларнинг фожиаларини хотиржам кузатган тинч ўтмишимизнинг бадалини тўлаётгандекмиз. Бошимизга тушган бу қисматдан чиқаришимиз керак бўлган ягона яхши хулоса — халқимизнинг бемисл даражадаги ҳамжиҳатлигидир. Бироқ оғир зарбаларга на юрак, на иқтисодиёт узоқ дош бера олмайди. Фожиа оқибатлари қай даражада ва биринчи зарбаларни қабул қилиб олган инсонлар аслида нималарга эҳтиёж сезмоқда — «Газета.uz» мухбирлари Сабина Бакаева ва Шуҳрат Латипов репортажида.

Савдолашишга ўрин йўқ

3-май, якшанба куни тонгда сув остида қолган маҳаллалардан эвакуация қилинган одамлар ўз уйларига қайтишни бошлади. Икки кун ичида ортга қайтиб, ерга сингган. Чорва моллари омон қолганми, қадрдон бошпанаси қанчалик соғ қолган — энди билиш мумкин. Ёки у қанчалик бузилмай қолган экан. Ва мол-мулкларини олиш мумкин.

Ёнимда бир кекса момо ўтирибди. 1 май куни уни оиласи билан Сардоба туманидаги «Замин» маҳалласидаги маҳаллий аҳоли уйига жойлаштиришди. Бир неча кун олдин у тонгни «Юртдош» маҳалласидаги (1-савхоз) ўз уйида қарши олган эди. Бугун эса унинг ўғиллари нарсалари учун кетишди, неваралари эса у билан қолган. Аёл ўз молларини қўйиб юборганини айтади. Бу ерда савдолашишга ўрин йўқ: асосийси ўзларининг тирик қолиши, моллар эса кейин ҳам топилади.

Худди шу хонадон яна икки оилани қабул қилган. Жами 12 киши. Ҳозир ҳовли болалар, аёллар, репортёрлар ва Ўзбекистон Экологик партияси депутатлари билан тўлган. Биз уларни тасодифан учратиб қолдик. Инсонпарварлик юклари ортилган машиналар карвони ва кузовга партия номи ёзиб қўйилгани эътиборимизни тортди.

Экопартия раҳбари Борий Алиханов партия бефарқ қололмагани ва жабрланган аҳолига озиқ-овқатлар келтиришга қарор қилганини сўзлаб берди. Унинг ўринбосари Сайдрасул Сангинов аёлларга тухум филейкалари, озиқ-овқат солинган халталарни тарқатиб, уларнинг кайфияти қандай эканини сўрайди.

«Кайфиятимиз яхши. Кайфиятимиз яхши!» — дея жавоб беради «Юртош» маҳалласидан бўлган аёл. Ва унга негадир ишонасан. Эҳтимол, у оиласини йўқотмагани учундир.

Ҳовлига кириш жойида икки кекса ўтирибди.

«Намозни ўқидик, оғизни ёпдик», — дейди улардан бири ўша тонгдаги ҳодисалар ҳақида сўзларкан. «Юртош» маҳалласидан бўлган яна бир отахон — 69 ёшли Одилжон Умаров тонгги бешларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари «савхоз» аҳолисини уйғотишни бошлаганини айтади. Шошилинчда турмуш ўртоғи ва ўғлининг оиласи билан ўз уйидан қочиб чиқади.

Одилжон Умаров уйларнинг қанчалик сув остида қолганини кўрсатмоқда. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Одилжон Умаровнинг рафиқаси худди шу участканинг қўшни биносида ётибди. Хона нимқоронғи ва жуда кўп аёллар бор. Жўрахон Умарова икки кишилик каравот устида гулли кўрпага ўраниб ўтирарди. У юра олмайди. Унинг кўзлари порлар ва ҳазиллашишга ҳаракат қиларди. Айтишича, видеода чиройли кўриниши керак. Бироқ ҳар сафар йиғлагиси келганида кўзларини ойна томонга олиб қочади ва бўшлиққа тикилади.

Аёл ҳам эри айтганларни такрорлайди. Тонг саҳар бешда уларга бу ерга сув бостириб келаётгани, шошилиш кераклигини айтишган. Шошилинчда зинада қоқилиб кетган. Энди, мана уч кундирки меҳрибон одамларнинг уйида ётибди ва улардан миннатдор. Тинмай миннатдорчилик билдиради.

Жўрахон Умарова бошидан кечирганларни сўзлаб бермоқда. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Одилжон Умаров жилмаяди ва ҳеч нарсага муҳтож эмаслигини айтади. Фақат ўзи билан дорилари ва кўз учун томизғисини олишни унутиб қўйибди. Дорилар унга жуда керак. Лекин сув бостириб келаётганда улар ҳақда ўйлармидинг? Депутатлардан нима сабабдан дори учун ёрдам сўрамагани билан қизиқамиз.

«Қандайдир уятли», — елка қисади у. Бу туйғу эҳтиёждан кучлироқдек. Ва ўз соғлиғидан ҳам кучлироқ.

Қарздорлик туйғуси

Экопартия карвони жўнаб кетди. Ҳечқиси йўқ, улар ортидан бошқаси келади. Ҳозир Сирдарё вилоятига сон-саноқсиз юк машиналари оқиб келмоқда. Аввалроқ биз кечаси Гулистонга Тошкентдан инсонпарварлик ёрдами карвони билан келдик. Биз билан пойтахтдаги Хайрия фаолиятини мувофиқлаштириш марказининг (ХФММ) 20 дан зиёд кўнгиллилари ҳам бор эди. Шанба куни кечки 6 дан улар ўнлаб тонна озиқ-овқат, кийим-кечак, ўйинчоқлар ва кўрпа-тўшакларни юклашди. Кўнгиллилар орасида мактаб ўқувчилари ҳам бор хатто.

Тошкент шаҳар ХФММ кўнгиллилари.

Йўл бўйи улар баланд овозда қўшиқ айтишди. Уларни тушуниш мумкин. Бу ҳаракатлар — уларнинг қайғуси. Фақат қувонч орқали улар чиқиш йўлини топадигандек. Ёки қувонч — бу пандемия ва табиий офатнинг акс таъсири. Ҳар куни юзлаб қайғули мурожаатларни эшитар экан, шунча кучни қаердан топишмоқда? Балки фақат юмор ва мусиқадандир.

3 май куни эрталаб биз Гулистондаги ХЁММда эдик. Прокуратура ходими Нодир ака марказ фаолиятини бошқармоқда. Бу ерга мамлакатнинг барча нуқталаридан ёрдам тўхтовсиз оқиб келмоқда. Ўнлаб эркаклар тинимсиз фура ва 10 тонналик Isuzu`ларни бўшатмоқда. Айвон остига йогурт ва ёғ қутилари, картошка, пиёз ва макарон қопларини тахлашмоқда.

Ушбу омборхонада қалин эшиклар ортида минглаб ичимлик сувли блоклар, бир томонда чойшаблар тўплаб қўйилган.

«Фарғонадан 12 та фура, 20 та юк машинасидан иборат карвон Сурхондарёдан, 30 тонна гуруч, сўйиш учун тирик қорамол…» — дея санайди Нодир ака. Рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Сардоба фожиаси халқимизнинг офат қаршисидаги бемисл даражада ҳамжиҳат эканини кўрсатди. Гулистон ХЁММ етиб келаётган ёрдамни бутунлигича қабул қила олмайди. Шунчаки жой етмайди. Юклар иккита штабга туширилмоқда. Иккинчиси Гулистон ташқарисидаги автосервис омборида жойлашган. У ерда чойшаблар устма-уст тахланган, улар уюми тез орада шифтга етади.

Иқтисодиёт шусиз ҳам тебранишларга дуч келган вақтда маҳаллий аҳоли учун қандай оғир зарба бўлганини ҳамма тушуниб турибди. Одамлар оёққа турди ва яшаш учун зарур барча нарсани жўнатишди. Хатто таҳририятимизга ҳам қўнғироқ қилиб, қандай қилиб мебел жўнатиш мумкинлигини сўрашди.

Шанба куни Сирдарёга инсонпарварлик юкларини жўнатишдан аввал Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев бир нафақахўр аёл ёрдам беришни хоҳлаганини сўзлаб берди. Аёл тўрт дона қолипли нон олиб келибди. Ўз шахсий ҳолати қанчалик мураккаб бўлишига қарамасдан, нимадир одамларни эътиборсиз қолмасликка ундамоқда. Балки буни виждон деб аташ мумкиндир.

Жабрдийдалар

Сув тошқинидан Сирдарёнинг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманлари катта зарар кўрди. Бу ерларда аҳоли асосан қишлоқ хўжалиги билан банд. Офат ўн минглаб гектар экин майдонларига зарар етказди.

Сув ювиб кетган суғориш тизими бетон ариқлари. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

«Юртдош» маҳалласига кетиш йўлида сув оқизиб юборган суғориш тизими бетон ариқлари кўзга ташланади. Қишлоққа борадиган тор йўлдан охири йўқ карвон билан самосвал ва тракторлар ҳам бормоқда. Трактор тиркамаларида ўтган йилги ҳосилдан пахта қолдиқлари қолиб кетган. Бу йил ҳосил бўлармикан?

Бузилган йўлларда инсонпарварлик ёрдами ортилган юк машиналари, экскаваторлар юкланган фуралар, сув тортадиган транспортлар, электр тармоқларини таъмирлаш учун махсус транспорт воситалари, олд ойнасида «Одамлар» ёзуви бўлган ва маҳаллий аҳолини эвакуация қилаётган юк машиналари илдамлаб бормоқда. Уларни кўриб юракка оғир юк тушади.

Одамлар қолган-қутган мол-мулкларини юк машиналари, тракторлар тиркамалари, енгил автомобиллар ва эшак араваларга ортиб кетмоқда. Улар буюмлар билан тўлиб-тошган. Бутун бошли оилалар юк машиналари кузовларига тўшалган кўрпачаларга ўтирган атрофга — сув ювиб юборган қишлоқ, яшаб бўлмай қолган уйларига тикилишади.

Фалокат ҳудуди

Олдинроқ кўрганларимизнинг барчаси энди ўз аҳамиятини йўқотади. Техникалар ва ёрдам оқими, эвакуация қилинганларнинг жойлаштирилиши, озиқ-овқат омборлари, одамларнинг ҳикоялари — буларнинг бари ўз аҳамиятини йўқотади. У ерда координация, масъулият, чарчоқ ва умид бор. Бу ерда эса умид йўқ. Фақатгина қайғу ва дард бор.

Трактор чўкиб кетган моллар жасадларини ташимоқда. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Мана, пасайиб бораётган суви кўпирган дарё. Унинг ортида яшил буғдой майдони, сув оқимлари ушбу майдондан ўтган. Бузилган уйлар деворларида хира чизиқлар бор — сув қанча кўтарилганини дарҳол билиш мумкин. Энди бу — бир хотира.

Дарё ортида 6 нафар эркак букилиб, қандайдир катта нарса атрофида уриниб ётишибди. Бир неча сониядан сўнг улар арқон билан ҳалок бўлган от жасадини судраб кетишади.

Биз «Юртдош» маҳалласининг биринчи совхозидамиз. Талофат кўрган ҳудуднинг марказида. Аҳолига ёрдам бериш учун ҳарбийлар ва оддий фуқаролар етиб келишган. Уларни Isuzu автобусларида олиб келишган. Айтишларича, автобуслар карвони бир километргача чўзилиб кетган, лекин унинг охири бизга кўринмади.

Уй деворидаги қора доғ— сув сатҳининг белгиси Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Вайронагарчиликлар кўламига қарасангиз, худди цунами бўлиб ўтгандек кўринади. Кўз билан кўриш мумкин бўлган масофадаги барча уйлар бузилган. Лойга ботган одамлар кўлмакларга тойиб, юриб келишяпти. Улар тўкилиб кетаёган уйларидан ниманидир олиб чиқиш мақсадида ўз ҳаётларини хавф остига қўйишмоқда. Балки, улар уйдан қайсидир хотирани олиб чиқишмоқчидир.

Ғиштлар уюмини йиғиштиришмоқда. Тўлқинда қулаган тушган томларнинг михларини суғуриб олишмоқда. Бир қатор бўлиб бетон бўлаклари устидан юришмоқда. Чўкиб кетган қадрдон заминни этикларда олиб юриш — жуда оғир қисмат. Улар тўдаланиб қолган ҳайвонлар жасади ёнидан на уларнинг сассиқ ҳидини, на уларнинг оғзидан сизиб чиққан қонни пайқамасдан ўтишмоқда.

Олиб чиқилиши мумкин бўлган барча нарса олиб чиқилганидан сўнг, улар сиқилишиб машиналарга ўтиришади ва қаергадир жўнаб кетишади. Кийимларида лой парчалари ва юзларида акс этган бўшлиқ билан ўтиришади.

Ҳозиргина етиб келганлар кўзларида маъносиз назар ташлашади. Мана эшиклари очилган «Жигули"си олдида турган эркак. Унинг лаблари қаттиқ қисилган. Унинг бошига худди осмон қулаб тушгандек. Мен унинг нима ҳақида ўйлаётганлигини билмоқчи эмасман. Унинг ёнида аёл киши турибди. Унинг оғзи қийшайган, юзи худди қотиб қолгандек, кўзларида эса даҳшат. Юзларида биттаям мушак қимирламайди. Лекин мен унинг йиғлаётганлиги биламан. Кўзларида ёш йўқ. Аёлнинг кўзлари менинг кўзларим билан учрашади, мен эса унинг кўзларига қарай олмайман.

Чунки уларга ҳозир ҳеч нима ҳам дея олмайсан, улардан ҳеч нарса ҳам сўрай олмайсан. Уларга ҳозир менинг енгил ҳамдардлигим керак эмас. Бу уларга ҳеч нарса бермайди. Улар мени тушунишмаса ҳам керак. Мен бунга бошқа қарай олмайман.

Хотиржамлик баҳоси

Тўғон эрталаб соат 5:55да ёрилган дейишмоқда. Лекин биз учратган кўплаб одамларнинг айтишларича, тўғон девори қулашининг биринчи шовқинлари 4:00ларга яқин эшитилган. Одилжон-бобонинг айтишларича, эвакуация ҳам соат 6:00дан олдин бошланган.

Тўғон деворининг қулаган жойи.

Агар Сардоба сув омбори тўғонига унинг қулаган томонидан қаралса, у ерда ўнлаб, балки юзлаб экскаватор ва самосваллар тўпланган. Узоқдан улар кичкинадек кўринишади. Тўғон деворидаги тешик эса баҳайбат.

Тўғон деворларини ушлаб турган катта тошлар тўлқин билан текисликка чиқиб қолган. Ҳозир улар биттаям бошоқ қолмаган аввал буғдой майдони бўлган ерда турибди. Кейин эса оқим 4Р200а автойўлига урилган. Асфальт бўлакларини ва ер қатламларини ювиб юборган, электр узатиш тармоқлари устунларини йиқитган, ер тагидаги сув қувурларини суғуриб ташлаган ва аҳоли турар жойлариги қараб йўл олган.

Тўғон девори ўпирилган жойдан бир километрда сақланиб қолган устунлар. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Авваллари дунёда табиий офатлар юз берарди, одамлар ҳалок бўларди, давлатлар иқтисодиёти катта зарарлар кўрарди. Буларнинг барчаси биздан узоқ, қўрқинчли бўлса-да, бизга етиб келмайдигандек туюларди. 2020 йилнинг баҳори биз билан бундай нарсалар юз бермаслиги ҳақидаги тасаввурларни йўқ қилди. Ҳозиргача ўзингизда пандемия инқирозини ҳис қилмаган бўлишингиз мумкин, аммо миллий фожиа инқирозини ҳис қилмаслик мумкин эмас.

Мен экскаваторлар турар жойларини йиқитгани, катта болғалар одамлар яшаб турган уйларни бузаётганини кўрганман. Ҳозир эса мен шунчаки йўл четида турибман. Биринчи марта, ер ҳақиқатда оёғим тагидан кетиб қолиши мумкин. Тупроқ ҳали нам, қаттиқ ёмғир бошланиш арафасида.

Ушбу ижтимоий ва иқтисодий изтироблар гирдобидан фақат бир нарсани тушуниш мумкин — тили, урф-одати ва миллатидан қатъи назар, одамийлик ҳислатлари мавжуд халқнинг бирдамлигини. Ҳозир юзлаб километрларда яшаётган одамларнинг дарди ва қўрқуви худди ўзингникидек туюлади. Шунинг учун ўзингни ҳеч бўлмаганда уларга тўрт дона нон улашишга мажбурдек ҳис қиласан. Ҳаттоки бир бурда бўлса ҳам.

Ёрдамчи-аҳолиларни олиб юрган автобуслар. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Турар-жойларга етказилган зарар ҳозирча эълон қилингани йўқ. Балки, юзлаб, балки минглаб оилалар уйсиз қолгандир. Улар қаердадир яшашлари керак. Вақт эса оз. Олдимизда ёз, лекин бундай миқёсдаги нарсалар ҳақида гап кетганида, қиш ҳам жуда яқиндек туюлади.

Сўрамоқчи бўлган ягона нарсамиз — бизга кутилмаган ҳодисалар оқибатида ҳам қулаб тушмайдиган тўғонларни қуриб беринг. Бизга қаттиқ шамол томларини учириб кетмайдиган уйлар қуриб беринг. Бизга одамлар ҳалок бўлмайдиган йўлларни қуриб беринг. Бундай инфратузилма билан биз учун яшаш ҳам тинчроқ ҳам арзонроқ бўлади.

Миннатдорчилик. «Газета.uz» таҳририяти Тошкент ҳокимлиги, Гулистон ва Сирдарё вилояти прокуратураси, Ўзбекистон ИИВ, Тошкент ИИББ ва Чилонзор тумани ИИБ ходимларига корреспондентлар учун ажратилган транспорт ва ҳаракатланиш имконияти учун миннатдарчилик билдиради. Карантин чекловлари сабабли, қайд этиб ўтилган идораларнинг ёрдамисиз ушбу материални тайёрлашнинг иложи бўлмас эди.