Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни Сирдарё вилоятига олиб борилаётган ишларни кўздан кечир учун келди. Бу ҳақда президент администрациясининг матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумки, жорий йил 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиб, ёндош туманлардаги маҳаллалар ва далаларни сув босган эди. Давлат раҳбари зудлик билан ҳодиса юз берган жойга етиб бориб, вазиятни барқарорлаштириш ишларига шахсан бош-қош бўлди.


Ушбу фавқулодда вазият оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 2 минг 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган эди. Шунингдек, 1 минг 781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган. 70 та ижтимоий объект, 20 минг гектарга яқин экин майдони, 828 километр йўл, электр, газ, ичимлик сув, алоқа тармоқларига талафот етган. Тезкор чора-тадбирлар натижасида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 28 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган эди.

Уларга биринчи даражали зарур шароитлар яратилиб, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказилди. Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар, вазирлик, уюшма ва аҳоли томонидан Сирдарёга ёрдам бериш учун ҳомийлик маблағлари ўтказилди, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва рўзғор буюмлари юборилди.

Ўзбекистон раҳбари аввалги сафарлари чоғида бу ерлик одамларнинг ҳаётини нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки уни янада яхшилаш, янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар барпо этиб, янги иш ўринлари яратишни вазифа қилиб қўйган эди.

Бугунги кунда Ҳукумат комиссияси иш олиб боряпти. «Зарар етган уй-жойларни тиклаш ва таъмирлаш, одамларни ўзининг тикланган уйига қайтариш ва рўзғорига ёрдам бериш, инфратузилмани тиклаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишга катта куч ва воситалар сафарбар этилган. Бу борада Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари жонбозлик кўрсатмоқда», дейилади хабарда.

Бугунги кунга қадар 20 та аҳоли пунктидаги бузилган уйлар ва уларнинг атрофи чиқиндилардан тозаланди. 13 та маҳалладан сув қолдиқлари чиқарилди.


Ушбу маҳаллаларда ҳаёт аста-секин изга тушмоқда. Ҳозирда қарийб 66 минг аҳоли ўз уйларига қайтди. Бошқа жойларда тозалаш-таъмирлаш ишлари тезкор суръатларда давом этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев дастлаб Сардоба туманида бўлиб, ҳудудда олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди. Таъмирланаётган хонадонларни кириб кўрди, одамлар билан суҳбатлашди.

Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида уй-жойлари бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган аҳоли учун 3 та массивда жами 2 минг 640 квартирали 66 та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Хусусан, Сардоба туманидаги «Дўстлик» маҳалласида 1480 хонадондан иборат 37 та уй барпо этилади. Давлат раҳбари мазкур турар жойларнинг пойдеворига тамал тоши қўйди.

Аввалроқ хабар берилгандек, сув босган ҳудудларда 50 та кўп қаватли уйлар қуриш режалаштирилган эди.