Президентнинг 24 январдаги қарори билан 1 январдан 2024 йил 1 январгача паррандачилик хўжаликларига ўз хўжаликларида етиштирилиб, сотилган парранда гўштининг ҳар бир килограми учун субсидия миқдори 2500 сўм этиб белгиланди (илгари 1000 сўм эди). Бу ҳақда Huquqiy axborot Telegram канали хабар берди.

Субсидия ҚҚСдан вақтинчалик озод қилиш бўйича имтиёз амалда бўлган давр учун ҳам тўланади.

Маълумот учун, президентнинг ўтган йил 14 июндаги қарорига биноан, 2022 йил 1 июлга қадар тухум, парранда гўшти ва маҳсулотларини экспорт қилувчи ҳамда соя донини импорт қилувчи тадбиркорлик субъектларига автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилган эди.

Бундан аввал, 2021 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида тухум нархи 19,6 фоизга, айрим ҳудудларда 20−22 фоизгача ўсгани сабабли Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тухум экспортига нисбатан вақтинчалик чеклов жорий қилгани тўғрисида ёзган эдик.