Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тухум экспорти учун жорий этилган вақтинчалик чеклов юзасидан изоҳ берди.

Хусусан, вазирлик тухум экспортига нисбатан чекловни глобал миқёсда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши, маҳсулотга талабнинг мавсумий ортиши, паррандачилик хўжаликлари иситиш харажатларининг ошиши ва бошқа мавсумий омиллар таъсири шароитида вақтинчалик чора сифатида изоҳламоқда.

Қайд этилишича, пандемия шароитида озиқ-овқат нархлари ўсишига жавобан кўплаб мамлакатлар ички бозорда озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида айрим маҳсулотлар экспортини чеклаш амалиётини қўлламоқда.

Вазирлик маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2021 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида тухум нархи 19,6 фоизга, айрим ҳудудларда 20−22 фоизгача ўсиши кузатилган.

Шунингдек, «қиш мавсумида иситиш харажатлари ошиши ва паррандачилик хўжаликларида касалликларнинг авж олиши, тухум беришга мослашган товуқларнинг мавсумий янгиланиши, озуқа маҳсулотларининг қимматлашиши ҳамда куз мавсумидан бошлаб ушбу маҳсулотга талабнинг бошқа ойларга нисбатан 20−30 фоизга ортиши» маҳсулот нархига қўшимча босимни юзага келтириши қайд этилган.

Бундан ташқари, паррандачилик хўжаликларида озуқа базасининг етишмаслиги натижасида кўплаб хўжаликлардаги паррандалар сони умумий ҳисобда 1 миллиондан ортиқ миқдорга камайганлиги айтилмоқда.

«Глобал пандемиянинг давом этаётганлигини, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг аҳолининг харид қобилиятига таъсирининг юқорилиги, шунингдек ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашнинг муҳимлигини инобатга олган ҳолда тухум экспортига нисбатан киритилган чеклов вақтинчалик чора бўлиб ҳисобланади», — дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра 2022 йил 1 апрелга қадар товуқ тухуми экспортига тақиқ жорий этилганлиги хабар қилинган эди. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарга изоҳ бериб, Ўзбекистонда тухум экспортига оғзаки ёки ёзма равишда тақиқ жорий қилинмаганини маълум қилган эди.

Маълум қилинишича, республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички истеъмол бозорларида нархларни барқарорлаштириш мақсадида тухум экспортини вақтинча тўхтатиш ташаббуси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан киритилган.