Ўзбекистон президенти 14 июнь куни «Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, 1 июндан бошлаб ҚҚС тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига — ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1 000 сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратилади.

Тижорат банклари томонидан 2025 йил 1 январга қадар қуйидагилар учун ажратилаётган кредит бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан:

  • омихта ем ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларни тўлдириш учун тижорат банки томонидан ажратиладиган 10 млрд сўмгача бўлган кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 8 фоиз пунктидан ортиқ бўлмаган қисми;
  • паррандачилик лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банки томонидан ажратиладиган 10 миллиард сўмгача бўлган кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 8 фоиз пунктидан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади;
  • кушхона ва музлаткичларни ўз ичига олган паррандаларни сўйишга мўлжалланган замонавий комплексни (кейинги ўринларда — замонавий комплекс) ишга туширган тадбиркорлик субъектига лойиҳа қиймати 40 млрд сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизи миқдорида Молия вазирлиги томонидан Давлат бюджети ҳисобидан субсидия берилади.

Юқорида назарда тутилган компенсация тўловларини қоплаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 15 млн доллар эквивалентидаги маблағ Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига ўтказиб берилади.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан паррандачилик лойиҳаларини молиялаштириш учун 85 млн доллар миқдоридаги маблағ «Микрокредитбанк» АТБга йўналтирилади. Бунда:

  • 1-босқичда — 50 млн доллар миқдоридаги маблағлар 2021 йил 1 июлга қадар, шундан 15 млн доллари «Микрокредитбанк» АТБнинг устав капиталини ошириш учун;
  • 2-босқичда — 35 млн доллар миқдоридаги маблағлар, 1-босқич маблағларининг ишлатилиши самарадорлигини баҳолаш натижалари бўйича Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш Республика кенгашининг қарорига асосан йўналтирилади.

Мазкур маблағларнинг 70 млн доллар эквивалентидаги қисми тадбиркорлик субъектларига Марказий банк асосий ставкасида кредитлар бериш учун «Микрокредитбанк» АТБга 7 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоиз пунктдан паст фоиз ставкада ажратилади.

2021 йил 1 июлдан бошлаб 2024 йил 1 июлга қадар асосий фаолият тури паррандачилик бўлган тадбиркорлик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.

2022 йил 1 июлга қадар тухум, парранда гўшти ва маҳсулотларини экспорт қилувчи ҳамда соя донини импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари (уларнинг ваколатли вакиллари)га автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.

Бундан ташқари, «Паррандасаноат» уюшмасига аъзо корхоналар томонидан хорижий мамлакатлардан паррандачилик соҳаси эксперт ва мутахассисларини жалб қилиш харажатлари ҳамда уларнинг 6 ойлик иш ҳақи миқдорининг 50 фоизи, бироқ ойига 1000 доллар эквивалентидан ошмаган қисми қоплаб берилади. Бунда, мазкур харажатлар учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан 5 миллиард сўм йўналтирилади.

Фото: Зуҳриддин Умурзоқов / ЎзА

Ҳужжага кўра, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, 20-мавзе, 35а-уйда жойлашган Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳузуридаги собиқ Тошкент транспорт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди (асосий воситалари) билан биргаликда Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Тошкент филиалига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилади.

Томорқа хўжаликларида паррандаларнинг анъанавий ва касалликларга чидамли зот ва турлари парваришини тизимли йўлга қўйиш мақсадида Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтига қуйидаги вазифалар юклатилди:

  • юқори маҳсулдор хонаки паррандаларнинг репродуктив подаларини шакллантириш;
  • наслли тухум инкубациясини йўлга қўйиш ҳамда парранда зотларини синовдан ўтказиш ва такомиллаштириш;
  • шахсий томорқа хўжаликларига мос, ихчам парваришлаш технологиялари ва органик озуқалар турларини яратиш;
  • аҳолида парранда боқиш ва органик маҳсулот етиштириш кўникмаларини шакллантириш.

Эслатиб ўтамиз, яқинда ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев чорвачиликнинг қисқа вақт ичида яхши натижалар берадиган соҳаларига эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган эди. Паррандалар энг тез вазнга эга бўлади — 1 кг вазн олиш учун 1,7 кг озуқа, қорамолга эса 8 кг керак бўлади, деди давлат раҳбари. У йил охирига қадар товуқ гўшти ишлаб чиқаришни 450 минг тоннага етказишни топширди (2020 йилда 247 минг тонна ишлаб чиқарилган).