2021 йилда Ўзбекистонда жами 107,4 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилган, дея хабар берди Давлат статистика қўмитаси. 2020 йилга нисбатан ўсиш суръати 6,8 фоизни ёки 19,3 трлн сўмни ташкил этди.

Ўтган йил давомида давлат ташкилотлари томонидан жами 5,6 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Уларнинг республикадаги улуши 5,2 фоизга тенг бўлди. Нодавлат ташкилотлар томонидан эса 101,8 трлн сўмлик қурилишлар амалга оширилган бўлиб, республикадаги улуши 94,8 фоизга тенг бўлган.

Шу билан бирга, жами қурилиш ишлари ҳажми таркибида:

  • йирик қурилиш ташкилотлари томонидан 29,7 трлн сўмлик;
  • кичик корхона ва микрофирмалар томонидан 56,4 трлн сўмлик қурилишлар бажарилган.

2021 йилнинг 10 ойи давомида 5545 та қурилиш корхонаси янги ташкил этилган. 1 ноябрь ҳолатига ҳудудлар кесимида фаолият юритаётган қурилиш корхоналари сони бўйича Тошкент шаҳри — 9013 та сезиларли фарқ билан етакчилик қилган. Ундан кейин эса Тошкент вилояти (3946 та), Фарғона вилояти ва Қашқадарё вилоятларида (3483 та) энг кўп қурилиш корхоналари мавжудлиги маълум қилинган.

Шу билан бирга, мамлакатда сўнгги 10 йилда бажарилган қурилиш ишлари ҳажми ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра:

  • 2010 йилда — 8,2 трлн сўм;
  • 2011 йилда — 9,5 трлн сўм;
  • 2012 йилда — 11,7 трлн сўм;
  • 2013 йилда — 15,2 трлн сўм;
  • 2014 йилда — 20,1 трлн сўм;
  • 2015 йилда — 25,4 трлн сўм;
  • 2016 йилда — 29,4 трлн сўм;
  • 2017 йилда — 34,7 трлн сўм;
  • 2018 йилда — 51,1 трлн сўм;
  • 2019 йилда — 71,2 трлн сўм;
  • 2020 йилда — 88,1 трлн сўм.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда жами 65,2 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилгани ҳақида хабар берган эдик. Қурилиш ишларининг 95,8 фоизи нодавлат мулкчилигидаги корхона ва ташкилотларга тўғри келади.