Президент Шавкат Мирзиёев 21 январь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бир қатор лойиҳалар билан танишди. Улар орасида Зарқайнар кўчасини таъмирлаш лойиҳаси ҳам бор, деб хабар берди «Ўзбекистон 24» телеканали.

Лойиҳада пойтахтнинг Эски шаҳар ҳудудидаги Зарқайнар кўчасини таъмирлаш ва «Эски шаҳар руҳини сақлаб қолган ҳолда» туристик марказ ташкил этиш кўзда тутилган.

2020 йилнинг март ойида президентга Тошкентнинг Эски шаҳар қисмини тарихий шароитда туризм ва савдо ҳудудига айлантириш лойиҳаси тақдим этилган эди.

2021 йил февралида давлат раҳбари Эски шаҳарда «Ичери Шеҳер» (Озарбайжон), «Мтсхета» (Грузия) ва «Эскишеҳир» (Туркия) эски турар-жойларига ўхшаш савдо ва хизмат кўрсатиш обектларини қуриш лойиҳаси билан танишганди.


Лойиҳа ташаббускори сифатида Mimar Group чиққан. Лойиҳани «Асакабанк»нинг кредит маблағлари ҳисобидан ҳам молиялаштириш режалаштирилган эди. Лойиҳа қиймати 58,5 миллион долларга баҳоланган. Қурилиш 10 гектар майдонни эгаллаши назарда тутилганди.





Фото: «Ўзбекистон 24».

2019 йилнинг август ойида меъморий меросни сақлаш бўйича мутахассис, Германия ICOMOS миллий қўмитаси аъзоси Йенс Йордан Тошкентнинг тарихий қисмидаги ёдгорликларнинг бузилиши ўзбек халқининг турмуш тарзи ва маданиятига оид қимматли далилларни йўқ қилади деб ёзганди.

1980 йилларнинг ўрталаридан бошлаб ушбу ҳудудда рўйхатга олинган турар-жой бинолари ёки муҳим бинолар сони 818 тадан 1 та уйгача қисқарган.