Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни инвестиция соҳасига доир аввалги топшириқлар ижроси ва янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди, дея хабар қилди президент матбуот хизмати.

Тақдим этилган лойиҳалар орасида 10 та йирик тижорат банки томонидан умумий қиймати 1,5 млрд доллар бўлган 136 та лойиҳа таклифлари кўриб чиқилди.

Жумладан, Асака банк кредити иштирокида «Эски шаҳар» ҳудудида Миллий савдо шаҳарчасини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Миллий банк томонидан 2021 йилда 225 млн долларлик 6 та янги лойиҳани амалга оширилиши кутилмоқда.


Ўзсаноатқурилишбанк эса «Ургут» ЭИЗда 110 млн долларлик лойиҳани амалга ошириши кўзда тутилган.

Ипотека банк Қуйи Чирчиқ туманида 27 гектардан зиёд майдонда замонавий логистика фаолиятини ташкил этиш лойиҳасига сармоя киритмоқчи эканлиги маълум бўлди. Бу корхона бир вақтда 120 та юк машинаси ва 25 та вагонга хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади.

Тақдимотда Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ташкил этилган саноат зонаси ҳудудида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалари ҳам кўриб чиқилди. Ушбу саноат ҳудуди 200 гектар бўлиб, унда қурилиш материаллари, озиқ-овқат, текстиль ва бошқа бир қатор муҳим соҳаларда жами қиймати 4,6 трлн сўмлик 71 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.