12 январь куни Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) электр энергетакаси компанияси Ўзбекистон Афғонистонга электр энергиясини огоҳлантиришсиз 60 фоизга қисқартирганини маълум қилди.

Хабарда қайд этилишича, узилишлар Ўзбекистоннинг Таллимаржон ИЭСдаги техник муаммолар билан боғлиқ бўлган. Натижада Афғонистоннинг бир қатор провинцияларида кечки вақтларда электр энергиясида узилишлар қайд этилган.

13 январь куни эрталаб DABS Ўзбекистон электр энергиясини зарур ҳажмда етказиб беришни қайта тиклаганини хабар қилди.

«Газета.uz» Ўзбекистон Энергетика вазирлигидан мазкур ҳолат юзасидан изоҳ ололмади.

Январь бошида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва DABS Тошкентда 2022 йилда Афғонистонга 2 млрд кВт⋅с электр энергияси етказиб беришни кўзда тутган битимни имзолаган эди. Келишувнинг умумий қиймати 100 млн долларни ташкил этди.

Октябрь ойида Афғонистон энергетика компаниясининг Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эронга электр энергияси учун 51 млн доллардан ортиқ қарзи борлиги хабар қилинган эди. Бироқ Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқовнинг сўзларига кўра, Афғонистон муваққат ҳукумати электр энергияси бўйича қарзини тўлиқ қоплаш мажбуриятини олган ва Ўзбекистон «бир соат ҳам» Кобулга электр энергияси етказиб беришни тўхтатмаган.