«Толибон» томонидан тузилган муваққат ҳукумат Афғонистоннинг Ўзбекистондан электр энергияси импорти бўйича барча қарзларини тўлиқ тўлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов россиялик журналистларга берган интервьюсида маълум қилди, дея хабар қилмоқда ТАСС.

«Биз муваққат ҳукуматнинг энергетика соҳасига масъул шахслари ва Афғонистон энергетика компанияси (DABS) вакиллари иштирокида мунозара ўтказдик. Мамлакатда банк тизими фаолияти ҳамда муваққат ҳукуматнинг тан олиниши билан боғлиқ муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, имкон туғилиши билан, DABS вакиллари мавжуд бўлган барча қарзларни дарҳол тўлашлари тўғрисида келишувга эришилди. Лекин, шунга қарамай, биз [Афғонистонни] электр энергияси билан таъминлашда давом этамиз», — деди у.

Хабарда айтилишича, бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Кобулга электр энергияси етказиб беришни «бир соатга ҳам» тўхтатмаганини, Афғонистон «Ўзбекистондан электр энергиясини ўз эҳтиёжига кўра тўлиқ ҳажмда» олиб келаётганини қайд этган. У бундай қарорга келинганлигини «биродар афғон халқига қийин пайтда ёрдам бериш» истаги билан изоҳлаган.

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясидаги чиқишида «ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас"лигини таъкидлаган эди.

4 октябрь куни DABS расмийлари Афғонистон қўшни давлатлардан электр энергияси учун 62 млн доллар миқдорида қарздорлигини маълум қилган эди.

6 октябрда эса DABS электр энергияси ҳақини (айрим ҳолларда, йиллар давомида) тўламаган бир қатор собиқ ҳукумат амалдорлари ва маҳаллий таниқли шахсларнинг мол-мулкини сотувга қўйилишини маълум қилган.