4 октябр куни Афғонистоннинг энергетика компанияси (Da Afghanistan Breshna Sherkat, DABS) расмийлари Афғонистон қўшни давлатлардан электр энергияси учун 62 млн доллар миқдорида қарздорлигини маълум қилди, дея хабар қилмоқда TOLOnews нашри.

Хабарда қайд этилишича, DABS расмийлари БМТнинг Афғонистондаги ёрдам дастуридан (UNAMA) қарзни тўлаш мақсадида 90 млн доллар маблағ сўраб мурожаат қилганликларини айтишган. Шунингдек, UNAMA маблағ ажратмаган тақдирда, электр энергияси учун тўловларни амалга оширмаган фуқароларга, уларнинг аксариятида тўлаш имкони мавжуд эмаслигига қарамасдан, босим ўтказилиши мумкинлиги қўшимча қилинган.

«DABS операцион директори вазифасини бажарувчи Сафиуллоҳ Аҳмадзайнинг айтишича, компания охирги икки ой давомида электр энергияси ҳақини экспорт қилувчи мамлакатларга тўлаб берган. Айни пайтда, TOLOnews олган ҳужжат DABS`нинг тўртта қўшни давлат — Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрондан 51 миллион доллардан зиёд қарздор эканлигини кўрсатади», — дейилади хабарда.

Аҳмадзай, шунингдек, DABS электр энергиясини экспорт қилувчи мамлакатлардан хат орқали электр энергияси таъминотини узиб қўймасликни сўраганлиги ва қарзни тўлашни ваъда қилганлигини айтиб ўтган.

«Агар тўловлар амалга оширилмаса, қўшни давлатлар экспорт қилинадиган электр энергияси ҳажмини камайтириб, аста-секин узиб қўйиши хавфи мавжуд. DABS муаммони зудлик билан ҳал қилиши лозим», — дейди компания собиқ директори Омонуллоҳ Ғолиб.

Бир қатор аҳоли вакиллари мамлакатдаги оғир иқтисодий вазиятдан хавотирда эканликларини маълум қилиб, тегишли идоралар мавжуд муаммоларни зудлик билан ҳал қилишлари кераклигини айтишган.

Статистик маълумотларга кўра, Афғонистон қўшни давлатларга электроэнергия импорти учун ҳар ой 22−25 млн доллар атрофида ҳақ тўлайди.

Электроэнергия бўйича Ўзбекистон-Афғонистон муносабатлари

2020 йилнинг ноябрь ойида президент Шавкат Мирзиёев «Афғонистон Ислом Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорни имзолади.

Қарорга мувофиқ, 500 кВт қувватга эга бўлган «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш линияси (ЭУЛ) қурилиши бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш ишларини жадаллаштириш режалаштирилган. Узунлиги 260 км бўлган янги ЭУЛ Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажмини 70% га ошириб, йилига 6 млрд кВт/соат га етказиш имконини беради. Лойиҳа қурилиши тўғрисидаги битим Осиё тараққиёт банки томонидан 110 млн доллар миқдоридаги молиялаштириш маблағлари ажратилиши тасдиқланганидан кейин имзоланган. ЭУЛнинг Ўзбекистон ҳудудидаги қисми қурилиши 2021 йил март ойигача якунланиши, Афғонистон ҳудудидаги қурилиш ишлари август ойидан бошланиши режалаштирилган эди.

Мазкур битим ҳозирги кунда ҳам амалда.