10 январь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази директори Ҳабибулла Оқилов ниқоб тақмаганлар масаласидаги изоҳи ижтимоий тармоқларда турлича талқин қилина бошланди.

«Газета.uz» мухбири аниқлик киритиш мақсадида Ҳабибулла Оқилов билан боғланди.

Унинг таъкидлашича, ниқобсиз юрганларга маъмурий иш очиб, жаримага тортиш мумкинлиги ҳақида қонун бекор қилингани йўқ.

«Бош вазир (Абдулла Арипов) ўша мажлисда Миллий Гвардия билан ИИВга топшириқ бердилар, уларга (ниқобсиз юрганлар — таҳр.) салом бериб, тўғри тушунтириб, керак бўлса ўзинглар „илтимос, шуни тақиб олинг“, деб ниқоб беринглар дедилар. У (ниқобсиз юрганларни жаримага тортишга оид) қонун бекор қилинди, деганлари йўқ… Жаримага тортилмайди деган гап йўқ», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, агар «қўпол қоидабузарлик ёки ниқоб тақишдан бўйин товлаш бўлса, албатта маъмурий иш очилиб, жаримага тортилади». «(Бош вазир) Ниқоб уйда қолиб кетибди, узр деса, ниқоб берингларда жўнатиб юборинглар дедилар», — дея аниқлик киритди Ҳабибулла Оқилов.

Ниқоб масаласига ойдинлик киритиш мақсадида «Газета.uz» мухбири ИИВ Ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов билан ҳам боғланди.

Унинг айтишича, жамоат жойларида тиббий ниқобсиз юриш бўйича қоидабузарликлар учун жарима миқдори Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖтК) 54 моддаси билан белгиланади. Унга кўра, ҳуқуқбузарлар БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўм) жаримага тортилиши мумкин.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда COVID-19`нинг янги омикрон штамми кириб келиши муносабати билан карантин қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш бўйича ИИВ томонидан белгиланган тартибдаги назорат чоралари, яъни фуқароларни тиббий ниқобда бўлишларини назорат қилиш, савдо ва жамоат тадбирлари бўладиган жойларда карантин қоидаларига риоя этишларини назорат қилиш, тартиббузарларни огоҳлантириш ишлари олиб борилади.

«Тошкент шаҳри жамаот жойларида тиббий ниқобсиз юриш бўйича 9 январь кунига 899 та карантин қоидалари бузиш ҳолати аниқланган. Улардан 721 нафари огоҳлантирилган. Қўпол қоидабузарларга нисбатан МЖтК бўйича чоралар кўрилган. Агар фуқаролар жамоат жойларида тиббий ниқобсиз юриш ҳоллари биринчи маротаба қайд этилса, улар аввал огоҳлантирилади. Агар фуқаро ёки юридик шахслар такроран ёки тартибни қўпол равишда бузса, ҳаракатлари ёмон оқибатларга олиб келса, уларга нисбатан қонунчиликка биноан чора кўрилади», — деди Шоҳрух Ғиёсов.

Эслатиб ўтамиз, 9 январь куни COVID-19`га қарши кураш бўйича махсус комиссия карантин чораларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Барча ташкилотларга ходимларни фақат эмланганидан кейин иш жойига киритишга рухсат берилади. Давлат органларига ҳар қандай тадбир ўтказиш тақиқланади. Аҳолини тўлиқ эмлаш жараёни жадаллаштирилади.