Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари сони кескин ортиши ва омикрон штамми қайд этилгани муносабати билан якшанба куни COVID-19 га қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан мамлакатда карантин чораларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

ССВ матбуот хизматининг хабар қилишича, республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётгани ва унга қарши зарур чоралар кўришни қатъий давом эттириш масаласи муҳокама қилинган.

Жумладан, махсус комиссия қарори билан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш ҳамда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат тадбирлари кучайтирилиши айтилмоқда.

«Бунда, барча ташкилот, корхона ва муассасаларда, йирик савдо мажмуалари, супермаркетлар, кўнгилочар муассасаларнинг кириш қисмида ниқобда бўлиш, ижтимоий масофани сақлаш, тана ҳароратини ўлчаш амалиётига қатъий риоя этилиши таъминланади», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, фуқароларнинг Умра зиёратларидан қайтишларида коронавирусга ПЗР ёки экспресс тестни Саудия Арабистони ҳудудида ўзбек тиббиёт ходимлари томонидан олиниши ва манфий натижасига мувофиқ кириб келиши таъминланади.

Бундан ташқари, аҳолини тўлиқ эмлаш ва бустер доза билан эмлаш ишлари жадаллаштирилиши кўзда тутилмоқда.

Ташкилий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда ишчиларни иш жойларига киритишга эмлангандан сўнг рухсат берилиши таъкидланган. Мазкур тартибни бузган ташкилот раҳбарларига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қатъий чора кўрилади.

«Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида таътил давомида коронавирус инфекциясига қарши тўлиқ эмлаш чоралари кўрилади. Ушбу тадбирларга ОТМ раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланади», — дея қайд этган вазирлик матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, махсус комиссия қарорига мувофиқ, 15 январдан бошлаб республикада қуйидаги тартиб жорий қилинади:

  • хориждан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар келишидан камида 48 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичли маълумотга эга бўлиши;
  • коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумотнома бўлмаганда, аэропорт, темир йўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс тест топшириши шарт.

Бундан ташқари, «вазирлик, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда хўжалик бирлашмаларида мамлакатда амал қилаётган карантин чекловлари шароитида аҳоли саломатлигини таъминлаш, мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш мақсадларини кўзда тутиб, турли тадбирлар ташкил этиш тақиқланди».