«Газета.uz» мактабларда қишки таътил узайтирилгани муносабати билан аҳоли орасида туғилаётган айрим масалаларга Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматидан изоҳ олди.

Таътил узайтирилгани ўқитувчиларнинг маошига таъсир қиладими?

Умумтаълим муассасалари ўқувчилари учун бериладиган қўшимча таътил кунлари давомида халқ таълими тизимида фаолият юритаётган педагог ва бошқа ходимларга амалдаги иш ҳақи тўловлари сақланган ҳолда тўлаб борилади, яъни ойлик маошга таъсир қилмайди.

Қишки таътилнинг узайиши туфайли ёзги таътил кечроқ бошланадими?

Мактабларда қишки таътилнинг узайтирилиши ёзги таътил вақтининг кечикишига сабаб бўлмайди.

Қўшимча таътил даврда ўтилиши керак бўлган дарслар (мавзулар) бошқа кундаги дарсларга қўшиб ўтилади. Бунда мавзулар тиғизлаштирилган холда ўтилади, бу буйича мактабларга қўшимча тавсиялар берилади.

Қишки таътил кунлари икки ҳафтага узайтирилганлиги сабабли 3-чорак ўқув кунлари 1−4-синфларда 9 кун, 5−11-синфларда 11 кунга қисқаради. Шу муносабат билан синф журналларига 24 январдан бошлаб тақвим-мавзу режа асосида тегишли мавзулар қайд этилади.

Фан ўқитувчилари эса 11−22-январь кунларига тўғри келган мавзуларни ўқув йилининг 3-чораги давомида тиғизлаштириб ўтади ва тиғизлаштирилган мавзулар синф журналларига қайд этилади.

Қишки таътил вақтида мактабларда тўгараклар ўтиладими?

Таътил кунлари тугагунга қадар ўқувчиларни бевосита мактабларда ташкил этадиган тўгараклар, шунингдек, «Баркамол авлод» болалар мактабларининг тармоқ тўгараклари ва ҳар қандай тадбирларга жалб этиш тақиқланади.

Ушбу вақт давомида ўқитувчилар мактабда халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқарилган Миллий ўқув дастурлари асосида малакаларини ошириш курсларида қатнашишлари талаб этилади ҳамда онлайн равишда турли тўгараклар ва танловлар ташкил этиш тавсия этилади.

Шунингдек, 10 январдан бошлаб Республика миқёсида «Умид ниҳоллари-2022» спорт мусобақаларининг туман ва шаҳар босқичларини ўтказиш тўхтатилди.

Вазирлик матбуот хизматининг қўшимча қилишича, 24 январга қадар мактаб ўқитувчилари ва педагоглар бу вақт ичида малака ошириш ишлари билан банд бўлади. Ўқувчилар эса таътил давомида онлайн фан олимпиадалар, интеллектуал ўйинлар, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган беллашувлар ва турли танловларда қатнашади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ОТМ, коллеж ва лицей талабалари учун қишки таътил 24 январгача узайтирилганди.

Аввалига ўқувчилар учун таътил вақти ўзгармаганини айтиб чиққан Халқ таълими вазирлиги 9 январга келиб, мактабларда ҳам қишки таътил 24 январга қадар узайтирилганини эълон қилди.