Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 28 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисда «Қийноқлар қурбонларига товон тўлаш тартибини такомиллаштиришга» қаратилган Ўзбекистон Фуқаролик кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.

Ҳужжат билан Фуқаролик кодексининг 991-моддасига (терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура ва суднинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида етказилган зарар учун жавобгарлик), уни қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазолар натижасида юзага келган зарар учун жавобгарлик тўғрисидаги норма билан тўлдириш назарда тутилган.

Кодекснинг 1021-моддаси 2-қисмига қийноқлар ҳамда шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазонинг бошқа турлари натижасида фуқарога зарар етказилган ҳолларда маънавий зарарни қоплашни киритиш таклиф этилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабаев йиғилишда сўзга чиқиб, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қийноқлар жабрдийдаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тиклаш механизмларини такомиллаштириш, моддий, маънавий ва бошқа зарарлар учун компенсация тўланишини таъминлашга имкон яратишиини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси қуйидагиларни инобатга олган ҳолда қабул қилиниши керак:

  • • БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг қийноқлар қурбонларига етказилган зарарни қоплаш бўйича тавсиялари;
  • • БМТнинг терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолаин декабрь ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида ушбу масалаларга эътибор қаратди;
  • • қийноқ ҳолатлари Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказади, шу жумладан, мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий рейтинг ва индекслардаги мавқеига таъсир қилади;
  • • 10 апрелдан Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус имтиёзлар тизими (GSP+) кучга кирди. GSP+ келишувига қўшилиш орқали мамлакат 30 дан ортиқ асосий халқаро конвенцияларни самарали амалга ошириш мажбуриятини зиммасига олди, улардан 7 таси инсон ҳуқуқларига оид;
  • • Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро шартномалардаги мажбуриятларини миллий қонунчиликка, жумладан, БМТнинг Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазоларга қарши Конвенциясининг 14-моддасига мувофиқ амалга ошириш имконини беради.

Мирзатилло Тиллабаевнинг аниқлик киритишича, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш (ЖК 235-модда) маъмурий қамоққа олинган шахсга, шунингдек гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга, гувоҳга, жабрланувчига, жиноят процессининг бошқа иштирокчисига ёхуд уларнинг яқин қариндошларига улардан ёки бошқа учинчи шахсдан бирор-бир ахборот олиш, жиноят содир этганлигига иқрорлик кўрсатуви олиш мақсадида, уларни содир этилган қилмиш учун ўзбошимчалик билан жазолаш ёхуд бирор-бир ҳаракатни содир этишга мажбурлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг ёки бошқа давлат органининг ходими томонидан ёхуд унинг далолатчилигида ёки хабардорлигида ёхуд индамай берган розилиги билан бошқа шахслар томонидан қўрқитиш, уриш, дўппослаш, қийнаш, азоб бериш йўли билан ёки қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар воситасида содир этилган қонунга хилоф руҳий, психологик, жисмоний босим ўтказиш ёки бошқача тарзда босим ўтказишни назарда тутади.