22 ноябрь куни Буюк Британия қироличасининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича савдо комиссари жаноб Кенан Полео ва инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz»га. Иштирокчилар анжуманда Ўзбекистон Буюк Британиянинг Кенгайтирилган преференциялар бош тизимига (Кенгайтирилган GSP тизими) қўшилиши мавзусига тўхталди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон 1 ноябрда Буюк Британиянинг Кенгайтирилган GSP тизими аъзолигига расман қабул қилинган. Ушбу тизимга қўшилиш доирасида республика томонидан инсон ва меҳнат ҳуқуқларига, атроф-муҳит ва иқлим муҳофазаси ва сифатли давлат бошқарувга оид 27 та асосий халқаро конвенциялар ратификация қилинган ва уларнинг нормаларини самарали амалга ошириш талаб этилади. Шу муносабат билан, мазкур халқаро конвенциялар доирасидаги мажбуриятларни бажариш юзасидан мониторинг жараёни бўйича ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ушбу тизимга қўшилган биринчи давлат бўлди. Тизим доирасида Ўзбекистонда 7800 дан ортиқ товарларга бож тўловисиз экспорт қилиши мумкин.

Бунгача Ўзбекистон Преференцияларнинг умумий тизимининг (GSP General Framework) асосий схемасидан фойдаланган бўлиб, унга кўра ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар Буюк Британияга 3000 га яқин маҳсулотни божхона тўловларисиз ва 3200 номдаги товарларни пасайтирилган ставкаларда экспорт қилиши мумкин эди.

«Хусусан, ушбу товар позициялари қаторида республиканинг асосий экспорт салоҳиятига эга бўлган кенг турдаги текстиль маҳсулотлари, оёқ қийим, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, транспорт воситалари, минерал ўғитлар, нефт ва кимё саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари, керамика ва металл маҳсулотлари ҳамда технологик ускуналар божхона божи тўлашдан озод этилган», — дея маълум қилди Инновация вазирлиги.

«Буюк Британия ўсиб бораётган ва ривожланаётган мамлакатлардаги қашшоқликни камайтириш учун савдодан фойдаланиш имконини бериш тарафдори. GSP бу борада Буюк Британиянинг динамик бозорига имтиёзли киришни таъминлашда жуда муҳим роль ўйнайди. Бу, ўз навбатида, аҳоли жадал ўсиб бораётган ва ёш аҳолига эга Ўзбекистонда иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни рағбатлантиришга хизмат қилади», — деди Кенан Полео.

GSP EF схемаси ривожланаётган мамлакатлар учун Буюк Британия Европа Иттифоқидан чиққанидан кейин жорий қилинган ва Европа Иттифоқининг «GSP+» тизимининг аналоги ҳисобланади (Ўзбекистон апрель ойидан буён унинг аъзоси ҳисобланади).

Кенгайтирилган GSP тизими бенефициарлиги Ўзбекистонга умумий қиймати 437 миллиард фунт стерлингдан (тахминан 585,5 млрд доллар) ортиқ дунёнинг етакчи халқаро истеъмол ва чакана савдо бозорига кириш имконини беради.

Буюк Британия учун эса минтақавий марказ бўлиб хизмат қиладиган ва минтақанинг энг жадал ўсаётган ва ривожланаётган бозорига киришни осонлаштиради ҳамда Ўзбекистоннинг ноёб тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа турли хил маҳсулотларига йўл очади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг ноябр ойи охирида Европа комиссияси Ўзбекистонга «GSP+» Преференциялар бош тизими плюс бенефициар — мамлакати мақомини бериш бўйича муддатидан олдин ижобий қарор қабул қилган эди.