Янги йил байрами арафасида «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси «Тошкент-Бухоро-Тошкент» йўналишида 770/769-сонли Afrosiyob замонавий поездларининг қатновини йўлга қўяди. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» компанияси матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, ҳозиргача фақат ҳафтанинг жума, шанба ва якшанба кунлари соат 09:02 да Тошкент марказий темир йўл вокзалидан ҳаракатини амалга ошириб келаётган 770-сонли Afrosiyob замонавий поезди 27 декабрдан 2022 йил 9 январгача ҳар куни соат 09:02 да «Тошкент-Бухоро» йўналишида қатновини амалга оширади.

Шунингдек, 769-сонли Afrosiyob поезди 27 декабрдан 2022 йил 9 январгача ҳар куни соат 15:02 да «Бухоро-Тошкент» йўналишида қатновини амалга оширади. Ушбу поездлар Самарқанд, Навоий темир йўл вокзалларида ҳам тўхтаб ўтади.

Бундан ташқари байрам кунлари барча йўловчи поездларга қўшимча вагонлар ҳам уланади.

Қўшимча маълумотларни Тошкентда 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олиш мумкин.