Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 21 декабрь куни соат 13:25 атрофида 4П-88 Шўртан-Манғит автомобиль йўлининг 16-километрида олтита автомобиль тўқнашиб кетди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати.

Об-ҳавонинг кескин ўзгариши ҳамда бирданига кўтарилган қум-чанг бўрони натижасида бир йўналишда ҳаракатланаётган учта юк машинаси бир-бири билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Шунингдек, ҳодиса содир бўлган вақтда уларга қарама-қарши келаётган Tico ва иккита Nexia ушбу юк машиналари билан тўқнашган.

«Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Фақатгина транспорт воситаларига зарар етган», — деди ЙПХ инспектори. У ҳар қандай об-ҳавода тезлик ва масофага риоя қилишни сўради.

Шу куни ижтимоий тармоқларда жойларда чанг бўрони натижасида кўриш масофаси 3 метрга қадар қисқаргани ҳақида хабарлар тарқалди.

Аввалроқ Ўзгидромет республиканинг қатор ҳудудларида чанг бўрони ва чангли туман тушиши ҳақида огоҳлантирган эди.