Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида чангли бўрон ҳодисаси кузатилаётгани ҳақида хабалар тарқалди.

Аввалроқ, Ўзгидромет республиканинг айрим вилоятлари ҳамда чўл ҳудудларида 21 декабрь куни чанг бўрон ва чанг ғубор ҳодисалари бўлиши тўғрисида огоҳлантирганди.

Фото: Uzb_meteo.

Интернет тармоқларида тарқалган суратларда 4 ноябрь куни Тошкентда кузатилган чанг-қумли туманга яқин ҳолат кузатилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Вазиятдан келиб чиқиб, ССВ чангли ҳаво шароитида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча зарур чоралар кўрилганини маълум қилди.

«Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 179 та аҳоли пунктида жойлашган субфилиаллари доимий шай ҳолатда. Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб 2861 та тез тиббий ёрдам бригадаси зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизимида фаолият кўрсатаётган қарийб 17 минг нафарга яқин шифокор ва 52 минг нафардан зиёд ҳамшираларга зарур кўрсатмалар берилган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, аҳоли ССВнинг «1003» қисқа рақамли call-марказидан чангли ҳаводан қандай ҳимояланиш бўйича туну кун керакли маслаҳат ва тавсиялар олишлари мумкин.

Чанг бўрони вазиятида вазирлик тавсиялари:

  • нафас йўли сурункали касалликлари бор инсонларга чангли ҳавода ташқарига чиқмасликларини тавсия қилинади.
  • она ёки иншоотларни нам латта билан тозалаб туриш, уй ёки бино ичига, атрофига сув солинган идишлар қўйиш чанг даражасини пасайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, бундай вазиятда нам сочиқларни осиб қўйиш, кондиционер ва ҳавони тозалаш тизимлари ҳам асқатади.
  • деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш, кўпроқ сув ичиш, тез-тез душ қабул қилиш нафас олишни енгиллаштиради. Оғиз ва бурун бўшлиғини тузли эритма билан ювиб туриш ҳам катта самара беради.
  • очиқ ҳавода юрганда, албатта, тиббий ниқоб тақиб юриш ва уларни ҳар икки соатда алмаштириш шарт. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва ёши катта инсонлар ҳам бундай вазиятда эҳтиёткор бўлишлари тавсия этилади.

ССВ агар аҳоли орасида ташқи муҳитдаги чанглар туфайли нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда қичишиш ва қизариш, томоқда кучли қичишиш, қичишиш билан кузатиладиган йўтал белгилари юзага келса, тезда оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникаларга мурожаат қилишлари лозимлигини эслатиб ўтган.