Транспорт карталаридан фойдаланишда ҳаракатланиш ва транспортдан транспортга ўтишлар сони чекланмайди. Бу ҳақда «Газета.uz»га пойтахт Транспорт бошқармаси бошлиғи ва «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси раҳбари Анвар Жўраев маълум қилди.

2022 йил 1 январдан шаҳар жамоат транспорти — автобус ва метрода ҳаракатланиш учун йўлкира ҳақини 1400 сўмдан 1700 сўмга ошириш режалаштирилмоқда. Бу жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган пойтахт ҳокимининг қарори лойиҳасида қайд этилган.

Бунга қўшимча равишда транспорт карталаридан фойдаланишда тарифлар нархини ҳам қайта кўриб чиқиш кўзда тутилган.

Лойиҳадан аҳоли, талаба, ўқувчи ва нафақахўрлар учун ҳаракатланиш сони белгиланган тарифлар акс этган жадвал ҳам жой олган.

Анвар Жўраевнинг аниқлик киритишича, ҳаракатланиш сони фақат транспорт картасидаги йўл ҳақи нархини ҳисоблаш (ҳаракатланиш сони*1700- 23%) учун ишлатилади. Ҳудди шундан формуладан аввалги чипталар нархини ҳисоблашда фойдаланилган, дея қайд этди компания.