24 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Норвегиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси (қароргоҳи Осло шаҳрида) этиб тайинланган Жон Микал Квистадни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Ишонч ёрлиқларини қабул қилар экан, вазир Элчини юқори масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади ва фаолиятига омад тилади.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон-Норвегия муносабатларининг бугунги ҳолати ва уларни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, шунингдек, томонларнинг халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлиги муҳокама қилинди.

Бўлажак тадбирлар, хусусан, вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини ўтказиш жадвали кўриб чиқилди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик айрим масалалар, жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.