Апрель ойи охирида Қашқадарё вилояти собиқ ҳокими Зойир Мирзаев вилоятда 1,350 млрд сўмлик байроқ ўрнатилишини тўхтатганди.

Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгашининг 15 ноябрдаги қарорига асосан, 65 метрли байроқ ўрнатиш учун 300 млн сўм ажратилиши белгиланди.

Қарши шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ғайрат Султонов Daryo нашрига маълум қилишича, байроқ ўрнатилиши давом эттирилаётгани боис 300 млн сўм ажратилганини билдирган. Ҳоким ўринбосари байроқнинг қурилишига яна қўшимча маблағ ажратилишини, лекин қиймати олдингисидан ўзгариши мумкинлигини билдирган. Ажратилган 300 млн сўм эса биринчи лойиҳа бўйича ажратилган бўлган.

Қарши шаҳар ҳокимлигининг кейинчалик берган расмий муносабатига кўра, мазкур масалага вилоят ҳокими эътибор қаратган ҳамда шаҳар ҳокими билан келишилган ҳолда улкан байроқ устуни қурилмайдиган бўлди.

«Даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмидан қолган маблағлар ички йўллар таъмири ва коммунал соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойи охирида Қашқадарё вилоятида баландлиги 62,5 метрга тенг давлат байроғи ўрнатиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Қарши шаҳридаги давлат байроғининг биргина устунини бунёд этишга 1 млрд 350 млн сўм маблағ сарфланиши айтилганди.

Ушбу ҳолатга депутат Дониёр Ғаниев муносабат билдириб, 2 йил аввал Фарғонадаги шунга ўхшаш ҳолатни ёдга олган эди. Ўшанда Фарғонада ўрнатилиши керак бўлган байроқнинг сарф-харажатлари 1 млрд сўм атрофида бўлиши айтилганди. «Нархини эшитиб, ҳоким ҳайдаворганди», — деган эди у.

Кейинроқ Қашқадарё вилояти собиқ ҳокими Зойир Мирзаев вилоятда ўрнатилиши режалаштирилган байроқ ва унинг устунига давлат бюджетидан маблағ сарфланмаслигини айтган эди. Устунга ажратилган 1,35 млрд сўм маблағ Қарши шаҳридаги хароба аҳволдаги 136-сонли оилавий ётоқхонани таъмирлаш ишларига йўналтирилиши айтилганди. Собиқ ҳоким устун фақат ҳомий топилсагина қурилишини таъкидлаганди.