Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев вилоятда ўрнатилиши режалаштирилаётган байроқ ҳақида муносабат билдирди. У байроқ илинадиган устун бирор бирор ҳомий томонидан ихтиёрий қўллаб-қувватлансагина қурилишини, давлат бюджетидан маблағ сарфланмаслигини айтиб ўтди.

У мазкур масалани жамоатчилик эътиборига олиб чиққани учун ОАВларга миннатдорчилик билдирди. У даволанишда бўлгани сабабли бу хабар ҳақида шифохонада ўқиганлигини айтди.

Зойир Мирзаев президентнинг талаба ва мақсадлари халқнинг яшаш шароитларини яхшилашдан иборат бўлиб турган бир пайтда, бу каби қурилиш ишларига ўзи ҳам қарши эканлигини айтиб ўтди.

Ҳоким Қарши шаҳридаги 136-сонли оилавий ётоқхонага бориб, уйсиз фуқароларнининг мажбурликдан харобага айланган бинода яшаётганлиги уни қийнаганини таъкидлади. Зойир Мирзаев ушбу ётоқхонага ярим млрд сўм ажратилиб, 17 нафар фуқаронинг операциялари амалга оширилаётганини айтди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Ушбу хароба ётоқхонани таъмирлаш учун 2,5−3 млрд атрофидаги маблағни манбасини қаердан топишни билмай тургандим. Устун учун сарфланаётган 1,35 млрд сўмни ушбу ётоқхона таъмирига йўналтирамиз. Қолган суммани ҳам манбасини топиб, ушбу ётоқхонани катта тантана билан топширамиз. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамига устун эмас, фуқароларимиз учун шинам хонадонлар туҳфа қиламиз. Хўш, нима дейсизлар?», — дейди Қашқадарё вилояти ҳокими.

У «Меҳр» операциясини эслаб ўтиб, аёллар ва юзлаб бегуноҳ болалар Ўзбекистонга қайтарилган бир пайтда, «ёнимиздаги ётоқхона хароба аҳволда бўлса-ю, биз „устун қурамиз“, деб халқнинг жиғига тегиб ўтирсак», дея таъкидлади.

Шунингдек, ҳоким байроқ илинадиган устун масаласи ҳақида давлат бюджетидан маблағ сарфланмаслигини, бирор ҳомий уни ихтиёрий қўллаб-қувватлансагина қурилишини айтди.

Зойир Мирзаев бу каби маблағларнинг сессияларда тасдиқланишида маҳаллий кенгаш депутатларини, жамоат фаоллари иштирокидаги «халқпарвар комиссия"ларини ҳам фаолликка чақирди.

Эслатиб, ўтамиз, Қаршида 1,35 млрд сўмлик байроқ ўрнатилиши ҳақида хабар берилган эди. Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниев ушбу ҳолатга муносабат билдириб, 2 йил аввал Фарғонадаги шунга ўхшаш ҳолатни ёдга олди. Ўшанда Фарғонада ўрнатилиши керак бўлган байроқнинг сарф-ҳаражатлари 1 млрд сўм атрофида бўлиши айтилганлиги ва нархини эшитиб ҳоким ҳайдаб юборганлигини ёзиб қолдирганди.