Ўзбекистонда дастлабки 10 ойда 7681 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилган бўлиб, уларда 1964 киши қурбон бўлган, 6886 киши еса жароҳатланган, дея хабар бермоқда ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, бу кўрсаткичлар бутун 2020 йилдаги кўрсаткичлардан ошиб кетган, ўтган йилда 6982 та йўл-транспорт ҳодисаси (2019 йилга нисбатан 13,7 фоизга кам) қайд этилган бўлиб, уларда 1962 киши ҳалок бўлган (-6,3 фоиз) ва 6591 киши жароҳатланган (-16,8 фоиз)). Ўтган йилдаги пасайиш коронавирус пандемияси сабабли узоқ давом этган карантин билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Вилоятлар кесимида энг кўп ЙТҲ Фарғона вилоятига тўғри келмоқда — 1173 та. Қолаверса, Тошкент вилоятида — 1023 та ҳамда Тошкент шаҳрида — 842 та бахтсиз ҳодисалар қайд этилган. Шунингдек, Самарқанд вилоятида 825 та ЙТҲ содир етилган.

3441 та (дастлабки 5 ойда 1249 та) авария пиёдалар, 1268 таси (396 та) болалар, 867 таси (233 та) велосипедчилар ва 62 таси (22) мотоцикл ҳайдовчилари иштирокида содир бўлган. Бундан кўриниб турибдики, дастлабки 5 ойга қараганда пиёдалар (2192 та) ҳамда болалар (872 та) билан боғлиқ авариялар сони кескин ошган.

Инфографика ИИВ ЙҲХББ томонидан бирламчи маълумотлар асосида тайёрланган.

Авариялар юзага келишига сабаб бўлган омиллар қаторида йўл ҳаракатини ташкил этиш ва йўллардаги носозликлар сабабли — 23,2 фоиз (1782 та), пиёдалар ўтиш йўлаклари йўқлиги сабабли белгиланмаган жойдан ўтиш — 22,2 фоиз (1705 та), белгиланган тезликка риоя қилмаслик — 15,9 фоиз (1221 та), қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш — 8,9 фоизни (683 та), пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган пиёдани уриб юбориш — 7,6 фоиз (584 та) ташкил этган.

Шу билан бирга, 7 фоиз (538 та) авария ҳайдовчининг тажрибасизлиги, яна 7 фоизи (537 та) эса велойўлаклар бўлмаган жойларда уларни уриб юбориш каби ҳолатларга тўғри келмоқда.

Қолаверса, болаларни қаровсиз қолдириш барча аварияларнинг 2,9 фоизига (223 та) сабаб бўлган бўлса, автомобилни маст ҳолатда бошқариш 1,7 фоиз (132 та) ЙТҲга олиб келган. Бошқа сабаблар билан боғлиқ ҳолатлар эса 3,6 фоизни ташкил этган.

Аввалроқ, «Газета.uz» январь-май ойларида Ўзбекистонда 2960 та ЙТҲ қайд этилди. Бунинг оқибатида 2365 киши жароҳатланган, 770 киши эса вафот этгани ҳақида хабар берганди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг дастлабки тўрт ойида мамлакатда 2242 та ЙТҲ қайд этилди. Бунинг оқибатида 1684 киши жароҳатланган, 557 киши эса вафот этгани ҳақида маълум қилган эди.