Январь-май ойларида мамлакатда жами 2960 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди. Авариялар натижасида 770 киши ҳалок бўлган бўлса, яна 2365 киши жароҳатланган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Вилоятлар кесимида энг кўп ЙТҲ Фарғона вилоятига тўғри келмоқда — 458 та (дастлабки 4 ойда — 328 та). Қолаверса, Тошкент вилоятида — 410 та (307 та) ҳамда Тошкент шаҳрида — 373 та (286 та) ҳам бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ ЙТҲлар қайд этилган.

1249 та (дастлабки 4 ойда — 938 та) авария пиёдалар, 233 таси (146 та) велосипедчилар, 396 таси (243 та) болалар ва 22 таси (12 та) мотоцикл ҳайдовчилари иштирокида содир бўлди. Бундан кўриниб турибдики, дастлабки 4 ойга қараганда май ойининг ўзида пиёдалар (311 та) ҳамда болалар (153 та) билан боғлиқ авариялар сони кескин ошган.

Инфографика ИИВ ЙҲХББ томонидан бирламчи маълумотлар асосида тайёрланган.

ЙТҲларнинг 1070 таси шаҳар кўчаларида, 962 таси республика йўлларида, 469 таси халқаро ва 469 таси маҳаллий йўлларда содир бўлган.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг энг кўпи — 630 таси, 28−32 ёшдаги ҳайдовчилар томонидан содир этилган. Шунингдек, 595 та ЙТҲ 23−27 ёшдаги ҳайдовчилар, 464 та 33−37 ёшдаги ҳайдовчилар, 428 та 47 ёш ва ундан катта ёшдаги ҳайдовчилар, 331 та эса 18−22 ёшдаги ҳайдовчилар томонидан содир этилган.

Шунингдек, ЙТҲларнинг 2894 таси эркак ҳайдовчилар, 66 таси аёл ҳайдовчилар томонидан содир этилган.

Автоҳалокатларнинг асосий субъектив сабаблари (йўл ҳаракати қоидаларини бузилганлиги сабабли) рухсат этилган ҳаракат тезлигининг ошиб кетиши — 27,7%. Шунингдек, устунликка эга транспортга йўл бермаслик (11,6%), ҳайдовчининг тажрибасизлиги (6,9%), автомобилни ҳайдаш вақтида ухлаб қолиш (6,3%) ва маст ҳолда ҳайдаш (2,6%) ЙТҲ содир бўлишининг субъектив сабаблари ҳисобланади.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий объектив сабаблари (йўлларни режалаштиришдаги камчиликлар туфайли) пиёдалар ўтиши мумкин бўлмаганлиги сабабли пиёдалар томонидан йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш — 15,4%. Шунингдек, ҳаракат йўналишини ажратувчи тўсиқлар ўрнатилмаган йўлларда қарама-қарши йўналишга чиқиш (9,7%), йўл ҳаракати ташкил этиш ва йўллардаги носозликлар сабабли (4,6%) ва велойўлаклар ташкил этилмаган жойларда уларни уриб юбориш (3,8%) ЙТҲлар келиб чиқишига сабаб бўлган.

Аввалроқ, «Газета.uz» 2021 йилнинг дастлабки 4 ойида мамлакатда содир бўлган 2242 та йўл транспорт ҳодисаси оқибатида 1684 киши жароҳатлангани, 557 киши эса вафот этгани ҳақида хабар берган эди.

Маълумот учун, 2020 йилнинг биринчи ярмида (январь-июнь ойлари) жами 2388 та содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларидан 642 таси ўлим билан боғлиқ бўлган. Мазкур ЙТҲлар оқибатида умимий 1746 киши тан жароҳати олган.

2020 йилда Ўзбекистонда жами 6982 та ЙТҲ содир бўлган, уларнинг 1689 таси ўлим билан боғлиқ. Бунинг оқибатида 1962 киши оламдан ўтган. ЙТҲларда жами 6591 киши жароҳатланган.