Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Оқтош қишлоғи ҳудудида 53 туп кўп йиллик дарахтлар ноқонуний кесилганлиги ҳақида хабар тарқади.

Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Бўстонлиқ тумани инспекцияси ходимилари томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш давомида жами 56 туп, шундан, 53 туп шумтол, 2 туп бақатерак, 1 туп қизил дўлана дарахтлари ноқонуний равишда кесилганлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан холис гувоҳлар иштирокида белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилди. Номаълум шахcларнинг ҳатти-ҳарракатлари натижасида ўсимлик дунёсига 288 млн 792 минг сўм миқдорда зарар етказилган.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Сентябрь ойида Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида 160 тупдан ошиқ тут дарахти кесиб ташланган ва тутзор боғ ўрнида қурилиш бошланганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Бундан ташқари Бўстонлиқ туманидаги «Амирсой» курорт зонасида 700 туп атрофидаги қимматбахо дарахтларни кесиб ташлагани юзасидан жиноят иши қўзғатилган эди.

Август ойининг охирида президент топшириғига билан дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилади ва жавобгарлик кескин кучайтирилиши ҳақида хабар берилган.

Сентярбь ойи аввалида Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилиниши ҳақида маълум қилганди.