Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Амирсой» курорт зонасида 700 туп атрофидаги қимматбахо дарахтларни кесиб ташлагани ҳақида депутат Расул Кушербаев хабар берган эди. У ушбу ҳолатни «ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини» таъкидлаган эди. «Шунча гапдан кейин ҳам ҳар хил бахоналар билан дарахткесарлик давом этмоқда. Бунча катта „дух“ қаердан пайдо бўлди?», — ёзган эди депутат.

Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Kun.uz маълумотларига кўра, 15 июнь куни Бўстонлиқ туманидаги «Амирсой» қўшма корхонасига тегишли курорт зонаси ҳудудини ва унга олиб борувни йўлни кенгайтириш мақсадида 700 туп дарахт нобуд қилинган. Дарахт кесилиши ҳолати бўйича Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан барча керакли ҳужжатлар тўпланиб, ҳуқуқий баҳо бериш ва етказилган зарарни ундириш чораларини кўришни сўраб 2021 йил 30 июнь куни вилоят прокурорига тақдим этилган.

Фото: Kun.uz

Нашр қайд этишига кўра, кесиб ташланган 125 туп дарахт учун табиатга 141 млн сўм зарар етказилгани аниқланган, шунингдек, ҳукумат қарори билан белгиланган тартибда зарар 5 бараварга ҳисобланиб, жами 705 млн сўм ундирилиши белгиланган. Илдизи билан қўпорилиб, бекитиш мақсад қилинган 575 туп дарахт бўйича етказилган зарар 253 млн экани аниқланган ва ушбу сумма ҳам бешга кўпайтирилиб, жами 1 млрд 265 млн сўм ундирилиши белгиланган. 700 туп дарахт учун жами етказилган зарар 394 млн сўм бўлса, қонунга мувофиқ ундирилиши лозим бўлган сумма жами зарар 1 млрд 970 млн сўм қилиб белгиланган.

Аввалроқ, Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида 160 тупдан ошиқ тут дарахти кесиб ташланган ва тутзор боғ ўрнида қурилиш бошлангани ҳақида хабар берган эдик.

Августда президент Шавкат Мирзиёев дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилади ва жавобгарлик кескин кучайтирилиши ҳақида маълум қилган. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилиши ҳақида айтилган. Сентябрь ойи аввалида Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилиниши ҳақида маълум қилганди.