2022 йилги консолидациялашган бюджет харажатлари 277,2 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 33% миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда 2022 йил учун давлат бюджети қонуни лойиҳаси ва бюджетнома бўйича Ҳисоб палатасининг хулосасида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, келгуси йилда давлат бюджети харажатлари 177,7 трлн сўмни (Давлат мақсадли жамғармаларига ўтказиладиган трансфертлардан ташқари), давлат мақсадли жамғармаларининг харажатлари 58 трлн сўмни ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатлари 14,8 трлн сўмни (Давлат мақсадли жамғармаларига ўтказиладиган трансфертлардан ташқари) ташкил этади.

Қонун лойиҳасида тақдим этилган маълумотлар таҳлил қилинганда, 104 та давлат ОТМлари учун давлат бюджетидан жами 3 трлн 640,9 млрд сўм ажратиш режалаштирилган бўлиб, шундан 51 таси бўйича 2 трлн 378 млрд сўми (65 фоизи) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратилаётган маблағлар таркибида, қолган 53 таси бўйича деярли 1 трлн 263 млрд сўми (35 фоизи) 16 та соҳавий вазирлик ва идораларга ажратилаётган маблағлар таркибида акс эттирилмоқда.

Ҳисоб палатаси томонидан 2021 йилда рўйхатга олинган харажатлар сметаларини таҳлил қилиш, ортиқча режалаштирилган маблағларни мақбуллаштириш имкониятлари юзасидан танқидий кўриб чиқиш жараёнида Мактабгача таълим вазирлигига ажратилган 158,8 млрд сўм маблағлардан 101,1 млрд сўми фойдаланилмаганлиги сабабли, мақбуллаштирилди.

Қонун лойиҳасида Мактабгача таълим вазирлигига 2021−2022 ўқув йилида 5 132 та тайёрлов гуруҳлари ва 4 768 та хона ташкил этиш учун жами 166,8 млрд сўм маблағ режалаштирилган.

«Бюджетномада 2022 йилда бюджет муассасаларида ишловчи ходимларнинг иш ҳақи индексацияси (7%) кутилаётган инфляция даражасидан (9,0 фоиз) паст миқдорда белгиланаётганлиги, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ставкалари 10 фоизга, электр энергияси 33 фоизга, табиий газ 21 фоизга, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси 21 фоизга, совуқ сув ва канализация 33 фоизга оширилиши кутилмоқда», — дейилади Ҳисоб палатаси хулосасида.

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурларини молиялаштириш

Шунингдек, давлат бюджетида аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурларини молиялаштириш учун 2022 йил учун 1 трлн 849 млрд сўмдан кўпроқ субсидия маблағлари ажратилиши кўзда тутилган. Янги тартиб доирасида ипотека кредитлари учун ресурслар халқаро молия ташкилотларидан жалб этилган маблағлар ҳисобидан ажратилади.

Хулосада айтилишича, Осиё тараққиёт банки экспертларининг хулосаларига (2018 йил июль ойида берилган) асосан аҳолини уй-жой билан таъминлаш учун кейинги 25 йил давомида йилига 145 000 та уй-жойлар қурилиши лозим.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ҳисоб палатаси томонидан ушбу субсидия маблағлари таҳлил қилган ҳолда 2022 йил бюджет лойиҳасида аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурларини молиялаштириш учун 2,1 трлн сўм (250,3 млрд сўм қўшимча) субсидиялар ажратилиши тавсия этилди.

  • 2022 йилда 25 676 та фуқароларга квартира сотиб олиш учун ипотека кредити бўйича бошланғич бадал ва фоиз тўловларини бир қисмини қоплаш учун қарийб 1 трлн 524 млрд сўм;
  • 2 900 та фуқароларга якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун ажратилган кредитлар бўйича фоиз тўловларини бир қисмини қоплаш учун 53,6 млрд сўм;
  • 2020 ва 2021 йилларда тўлаб берилган субсидияларнинг фоиз тўловлари учун 17 808 та фуқароларга 357,9 млрд сўм,
  • 7 352 та ҳарбий хизматчиларга ажратилган ипотека кредитлари бўйича фоиз тўловларни бир қисмини қоплаш учун 164,5 млрд сўм.

Давлат ривожлантириш дастурларини молиялаштириш учун йўналтириладиган харажатлар

2022 йил учун давлат бюджети лойиҳасида марказлашган капитал қўйилмалар учун 23,2 млрд сўм ёки ЯИМ га нисбатан 2,8 фоиз миқдорида кўзда тутилган.

Бюджетномада келтирилган маълумотларга кўра Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Инвестиция харажатлари доирасида қуйидагилар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда:

Президентнинг фармон ва қарорлари ҳамда ҳудудларга ташрифларида белгиланган вазифаларни молиялаштириш

Президент топшириқлари асосида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастур ва чора-тадбирларни амалга ошириш учун 2022 йилги давлат бюджети лойиҳасида 47 тлрн 576 млрд сўмдан кўпроқ маблағлар назарда тутилган.

Жумладан, давлат бюджетидан 2022 йилда соҳалар кесимида қуйидаги давлат дастурларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда:

  • таълим соҳасида ҳозирги кун талаблари даражасидаги юқори малакали кадрларни тайёрлашда узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш дастурлари учун 5 трлн 412 млрд сўмдан кўпроқ;
  • фанни ривожлантириш дастурлари учун 563,6 млрд сўм;
  • соғлиқни сақлаш соҳасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича давлат дастурларига 4 трлн 205 млрд сўмдан кўпроқ;
  • маданият соҳасидаги давлат дастурларини молиялаштириш учун 418,5 млрд сўм;
  • жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш бўйича давлат дастурларига 588,7 млрд сўм;
  • тадбиркорлик ва аҳоли бандлигини таъминлаш харажатлари учун жами 2 трлн 889 млрд сўм;
  • қишлоқ хўжалиги соҳасидаги давлат дастурлари ва тадбирлар учун жами 2 трлн 327 млрд сўм, шундан: зараркунандаларга қарши курашиш харажатларини қоплаш ҳамда фавқулодда вазиятларда ҳосилни сақлаб қолишни таъминлаш харажатларига 50 млрд сўм;
  • жисмоний шахслар томонидан хонадонларда етиштириладиган пилла (ҳўл пилла) ҳосили учун субсидиялар учун 120,2 млрд сўм;
  • 63 пахта хом ашёси етиштирувчиларда ҳамда узумзорларда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 736,0 млрд сўм;
  • геология-қидирув ишлари харажатларига қабул қилинган дастурларни амалга ошириш учун 1 трлн 200 млрд сўм;
  • «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларининг харажатлари учун 1 трлн 100 млрд сўм;
  • Ўзбекистонда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси харажатларига 80,0 млрд сўм;
  • иссиқлик таъминоти корхоналари учун аҳолига тарифларни паст нархларда ушлаб туриш натижасида кўрилган зарарни қоплаш харажатлари учун 1 трлн 152 млрд сўмдан кўпроқ;
  • маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчи корхоналарга утилизация харажатларига 100 млрд сўм маблағ режалаштирилмоқда.

Ташқи қарз ҳисобидан молиялаштирилувчи харажатлар таҳлили

Ҳисоб палатаси хулосасида 2022 йил учун 1 АҚШ долларининг йиллик ўртача алмашув курси 11 321 сўмга прогноз қилинган.

Қонун лойиҳасида давлат қарзи ҳисобидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ҳажми ва манзилли рўйхати Ҳисоб палатаси томонидан таҳлил қилинганда, 2022 йил учун мўлжалланган Инвестиция дастури лойиҳасида кўзда тутилаётган лойиҳаларни давлат бюджетига тегишли кўрсаткичлари билан ўзаро мувофиқлаштирилмаганлиги маълум бўлди.

Жумладан, қонун лойиҳасида Халқ таълими вазирлигининг 3 та лойиҳаси бўйича 85,0 млн доллар (962,2 млрд сўм) молиялаштириш кўзда тутилган бўлсада, ҳақиқатда ушбу лойиҳалар Инвестиция дастури лойиҳасида истиқболли бўлиб, ушбу лойиҳалар бўйича қарз битимлари имзоланмаган (2022 йилда имзоланиши кўзда тутилган).

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг «Ўзсувтаъминот» АЖ га тегишли 11 та лойиҳаси доирасида 720,5 млрд сўм (63,6 млн доллар) молиялаштириш ортиқча режалаштирилган бўлса, «Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент (ТЦ-8) шаҳарларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳасини молиялаштириш учун 253,9 млрд сўм (22,4 млн доллар) маблағлар умуман кўзда тутилмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2022 йилда молиялаштирилиши мўлжалланган жами 12 та лойиҳа учун 561,5 млрд сўм (49,6 млн доллар) маблағлар қонун лойиҳасида кўзда тутилмаган.

Худди шундай, Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳалари бўйича 51,7 млн доллар (585,2 млрд сўм), Инновацион ривожланиш вазирлиги бўйича 19,5 млн доллар (220,7 млрд сўм), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бўйича 9,6 млн доллар (108,7 млрд сўм), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бўйича 4,5 млн доллар (50,9 млрд сўм) фарқлар мавжудлиги аниқланган.

Давлат мақсадли жамғармалари харажатлари таҳлили

Маълумотларга кўра, консолидациялашган бюджет лойиҳасида Давлат мақсадли жамғармаларининг 2022 йилги жами даромадлари (трансфертларни ҳисобга олмаган ҳолда) 31,7 трлн сўм, харажатлари эса 58,5 трлн сўм миқдорида прогноз қилинмоқда.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаларини тақчилликка йўл қўймасдан ишлаб чиқиш мақсадида давлат мақсадли жамғармаларининг 2022 йил бошидаги кутилаётган 6,1 трлн сўмлик қолдиқ маблағлари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган. Давлат бюджетидан давлат мақсадли жамғармаларига ўзларига юклатилган давлат функцияларини тўлиқ амалга оширишлари учун 25,4 трлн сўмлик мақсадли трансфертлар ажратилиши кўзда тутилмоқда.