9 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича масалалар ҳам кўриб чиқилди, деб хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари сўзларига кўра, охирги 3−4 кунда бўлиб ўтган чангли об-ҳаво шароити «ушбу дастур қанчалик тўғри эканлигини яққол кўрсатиб турибди».

«Мутасаддилар лойиҳани амалга оширишда қўшиб ёзиш, рақамларни бўрттириб кўрсатиш, ишларни пала-партиш бажаришга йўл қўймаслик ҳақида қатъий огоҳлантирилди», — деди Шавкат Мирзиёев

Ҳозирга қадар Қорақалпоғистон, Наманган, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри ишга фаол киришган, лекин Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида дарахт экиш режа кўрсаткичларидан анча ортда қолаётгани таъкидланди.

«Шу билан бирга Қўшработ, Каттақўрғон, Томди, Дўстлик, Арнасой, Фориш, Янгиариқ, Шеробод, Термиз, Музработ, Ғузор, Китоб туманларида кўчат экиш ишлари ҳалигача бошланмаган. Ушбу туман ҳокимларига қатъий огоҳлантириш бериладиган бўлди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Августда президент топшириғига кўра, октябрь-ноябрь ойларида 55 млн дона, келгуси йил баҳор мавсумида 70 млн дона тут, павловния, мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек тез ўсувчи ва бошқа кўчатлар экилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, йил якунига қадар шаҳарлар ва туман марказларида 16 млн дона мевали, ёнғоқ манзарали ва дарахтлар бута кўчатлари экиш вазифаси қўйилган эди.

Бундан ташқари, дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилиши ва жавобгарлик кескин кучайтирилиши белгиланган. Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилиши маълум қилинганди.

Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинишини ваъда берганди. Президент парклар ва яшил зоналар ҳудудини бошқа мақсадлар учун ишлатиш қатъиян тақиқланашини қайд этган. Ҳар йили камида 200 млн туп дарахт кўчатлари экилиши таъкидланган.

Ноябрь ойи бошида давлат раҳбари йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинганини маълум қилган. Шунингдек, бундан буён экология, дарахт экиш ва парваришлаш масалаларига шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари масъул бўлиши ва 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» эълон қилиниши таъкидланган эди.