4 ноябрда куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон ҳудудларига Қозоғистон вилоятининг жанубий вилоятлари орқали Урал-Волгабўйи ҳудудларидан совуқ қутб антициклони фронт олд қисми кириб келди. Шунингдек, Жанубий Қозоғистоннинг марказий ҳудудларида (Чимкент вилояти) шимолий йўналишда кучли шамоллар кузатилди.

«Ўзгидромет» матбуот хизмати ҳудудлар кесимида мазкур ҳодисанинг кузатилиши бўйича тафсилотларни эълон қилди.


Қозоғистондан кириб келган кучли шамоллар Жиззах, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида давом этди. Жиззах, Навоий ва Бухоро вилоятида шамол тезлиги максимал 20−25 м/с га етди. Кечга томон Қозоғистон жанубидан эсган кучли шамоллар Сирдарё вилояти орқали ўз йўналишини ғарбий ва жануби ғарбий томонга ўзгартирди.

Давомли эсган кучли шамоллар натижасида чўл ландшафтга эга ҳудудлардаги тупроқ сиртидаги чанг ва қум зарралари ҳавога кўтарилиб, чанг булутини ҳосил қилди. Чанг булути шамол йўналиши бўйича аввал Сирдарё вилоятига сўнгра Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг атмосфера хавосида чанг-бўрон ва ғуборни кескин ортиб кетишига сабаб бўлди.

Чанг бўронлари ва ғубор атмосфера хавосининг кўриниш даражасини Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 500−1000 метрга, Тошкент шаҳрида эса 200 метргача чегаралади, деб қайд этди «Ўзгидромед».

Ушбу ҳодиса Бухоро, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилояти ҳудудларида ҳам кузатилиб, ушбу вилоятлар ҳудудида кўринувчанлик 1000 метрдан паст даражага эга чангли-ғубор қайд этилган.

Марказ маълумотларига кўра, 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси Қозоғистоннинг Чимкент вилояти, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида кўтарилган чанг ва қум зарраларининг маълум бир қисми атмосферанинг юқори қатламларида қўшни Тожикистоннинг Сўғд вилояти Хўжанд тор дараси орқали «Қўқон» шамоллари кўринишида Фарғона водийсига кириб келган. Айни дам водий вилоятларининг айрим ҳудудларида кўринувчанлик 1000 метрдан паст чекланишига эга чанг-ғубор ҳодисаси кузатилмоқда.

«Ўзгидромет» томонидан олиб борилаёган кузатишлар давомийлиги (150 йил) натижасида бундай ҳолат илгари кузатилмагани қайд этилди. Республика ҳудудларида кескин шамоллар натижасида иқлим шароитларидан келиб чиқиб, чанг-ғубор ҳодисалари кузатилган ҳамда ушбу жараёнлар шамол тўхташи билан 15−20 дақиқа вақт оралиғида тарқалган.

Ўзбекистон ҳудудида 12 ноябрь кунига қадар ёғингарчиликларни (жанубий вилоятлардан ташқари) кузатилмаслиги турли хил иқлимий модел, сунъий йўлдошлардан олинаётган реал вақтдаги тасвирлар, ер усти ва атмосфера қатламларидаги об-ҳаво хариталари таҳлили асосида мутахассислар томонидан порогноз қилинмоқда. Мутахасислар таҳлилига кўра, атмосфера хавосида чанг-ғуборларини яқин кунлар ичида сақланиб қолиш эҳтимоллиги мавжуд.

Тошкент шаҳрида атмсофера хавосини чанг-ғуборлар билан меъёрдан ортиқ ифлосланиши

4 ноябрь куни Тошкент шаҳрида маҳаллий вақт билан 18:21 да атмосфера хавосининг кўринувчанлиги 200 метрдан паст даражада кузатилиб, ҳаводаги нисбий намлик омили билан биргаликда чанг-ғубор ҳодисаси қайд этилди.

«Ўзгидромет»нинг Тошкент шаҳрида жойлашган ҳаво сифатини ифлослантирувчи моддалар таҳлилини юритувчи автоматик стационар кузатув постларида чанг миқдори кескин кўтарила бошлаган. Аввалига чанг миқдори рухсат этилган меъёрдан 5 баробарга, кейинроқ маҳаллий вақт соат 21:00 ва 23:00 орасида 30 баробаргача кўтарилиши қайд этилди.

Маҳаллий вақт билан соат 23:00 дан бошлаб ҳаво таркибидаги чанг миқдорини пасайиш тенденцияси кузатилган ва бу давр оралиғида чанг миқдори рухсат этилган меъёрий кўрсаткичдан 10 баробар юқорилиги сақланиб қолмоқда.