Айни дамда президент Шавкат Мирзиёев раислигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда, дея хабар бермоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Йиғилишда октябрь-ноябрь ойларида 55 млн дона, келгуси йил баҳор мавсумида автомобиль йўллари, дала четлари, барча аҳоли масканларида 70 млн дона тут, павловния, мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек тез ўсувчи ва бошқа кўчатларни экиш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари Тошкент шаҳри туманлари, вилоят марказлари ва йирик шаҳарларда дарахтлар ва экинлар маҳаллий иқлимни инобатга олмасдан, пала-партиш экилаётгани боис кундан-кунга қуриб бораётганини таъкидлади.

Шунингдек, туман ҳокимлари ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани, шаҳар кўчалари чиқиндига тўлиб кетгани билан ҳеч кимнинг иши йўқлигини қаттиқ танқид қилинди.

Ҳар бир маҳаллага дарахтларни парваришлаш учун Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 1 нафардан ишчи бириктирилиши белгиланди.

Туман ва шаҳар ободонлаштириш бўлимларига ажратилаётган 10 мингта штат доирасида ҳар бир туман (шаҳар) ҳудудидан келиб чиқиб 5 та ишчидан иборат дарахтларни сақлаш бўйича гуруҳлар ташкил этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев экологияни яхшилаш бўйича навбатдаги вазифаларни белгилаб берди. Унга кўра:

  • 1,3 минг километр магистрал йўллар бўйларида, ҳудудларнинг иқлимидан келиб чиқиб, сентябрь-декабрь ойларида 480 минг дона ҳамда келгуси йил баҳор ойларида 330 минг дона чинор, эман, жийда терак ва бошқа дарахт кўчатларини экиш;
  • йил якунига қадар шаҳарлар ва туман марказларида 16 млн дона мевали, ёнғоқ манзарали ва дарахтлар бута кўчатлари экиш;
  • аҳоли хонадонлари, тадбиркорлик объектлари ҳудуди ва уларнинг ён атрофида 42 млн дона тут, ёнғоқ, жийда каби дарахтлар экиш;
  • дала майдонлари атрофи ҳамда каналлар бўйида 53 млн дона тут, жийда, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экиш;
  • ўрмон хўжаликлари ҳудудларида 3 млн дона тут кўчати экиш;
  • Мудофаа вазирлиги тасаруфидаги муассасаларда, шу жумладан Чорвоқ сув омбори ҳамда Красногорск шаҳарчаси атрофидаги ўрмон ҳудудларида 500 минг дона манзарали, мевали ва бута кўчатларини экиш;
  • икки ой муддатда шаҳарлар ва туманлар марказларидаги 4,5 минг километр ички ирригация тармоқларини фаолиятини тикланади.