Тошкентда пайшанба оқшомидан бошланган чанг-қумли туман тушиши давом этмоқда. Шанба кунигача у бироз тарқалди, аммо ноқулай об-ҳаво шароити унинг бутунлай тарқалишига имкон бермади.

Шанба куни соат 11:00 ҳолатига кўра, Тошкентда ҳавонинг чанг билан ифлосланганлик даражаси рухсат этилган максимал концентрациядан 6,7 бараварга ошди. Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет) томонидан ўтказилган мониторинг натижалари бунга далолат бермоқда.

Манба: Ўзгидромет.

Ўзгидромет матбуот хизматининг «Газета.uz»га берган маълумотларига кўра, транспорт воситаларининг интенсив ҳаракати ва штиль (шамолсиз вақт) натижасида ҳавонинг ифлосланганлиги юқорилигича қолмоқда. Жума куни ҳам худди шундай об-ҳаво шароити кузатилди, бироқ куннинг иккинчи ярмида ҳаводаги чанг учун рухсат берилган энг юқори ифлосланганлик даражасининг ортиқлиги 8 мартани ташкил этди.

«Совуқ ҳаво массасининг кириб келиши (4 ноябрь — таҳр.) натижасида ҳосил бўлган атмосферанинг қуйи қатламидаги инверсия қатлами чангнинг тарқалиш жараёнини кечиктирмоқда», — дейилади хабарда.

Кейинги кунларда пойтахтда метеорологик шароитда сезиларли ўзгаришлар кутилмайди — қуруқ ва сокин об-ҳаво сақланиб қолади.

«Кечги вақтлар ер юзасига яқин ҳаво ҳароратининг пастлиги атмосферада инверсия тутувчи қатламни сақлаб қолди ва чанг тарқалишининг олдини олди. Кундузи ҳавонинг исиши чанг таркибини бироз камайтирди, аммо чангли туманнинг тўлиқ тарқалиши кутилмайди», — дея қўшимча қилди марказ.

Аввалроқ Ўзгидромет пайшанба куни соат 21:00 дан 23:00 гача Тошкент шаҳрида чанг миқдори меъёрдан 30 баравар ошгани, кейин эса пасайишни бошлагани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистонда 150 йил ичида ёки бутун метеорологик кузатувлар давомида биринчи марта чанг-қумли туман кузатилмоқда.

Аввалроқ ҳавода чанг концентрацияси ортиши муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларини эълон қилган эдик. Мутахассислар томоқ ва бурунни озгина шўрланган сув билан чайишни, хоналарга ҳўл сочиқларни осиб қўйишни, кўчага чиқмасликка ҳаракат қилишни ва ниқоб кийишни маслаҳат беришмоқда.