Ижтимоий тармоқларда Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Марат Содиқовнинг соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаевга ёзган хати тарқалди.

Манба: muxbir1 / Telegram.

Унда бошқарма боғлиғи 17 май куни Тошкент вилояти кўп тармоқли шифохонасида (1998 йилда туғилган) ҳомиладор аёл вафот этгани маълум қилинган. Унинг ўлимига эса туғруқдан кейинги ўткир юрак ва буйрак-жигар етишмовчилиги, ДВС синдром гипокоагуляция босқичи, ошқозон-ичакдан қон кетиши сабаб бўлгани айтилмоқда.

Бундан ташқари, мурда экспертиза учун юборилгани қайд этилган.

Хат шунингдек, вазир ўринбосари Эльмира Баситханова томонидан ҳам имзоланган. Унда «вазирга тақдим этилмасин» деган ёзувни кўриш мумкин, қолаверса, бош акушер-гинекологнинг икки нафар профессор иштирокидаги хулосасини киритиш топшириғи берилган. Унинг сўнгида эса «асоссиз ўлим» деб ҳам ёзилган.

Вазир ўринбосари мазкур ҳолат Тошкент вилоятидаги поликлиникада содир бўлганини тасдиқлади. Эльмира Боситхонова унинг сўзлари «нотўғри талқин этилганини» таъкидламоқда.

«Бошқарма бошлиғи томонидан берилган маълумотни соғлиқни сақлаш вазирига чуқур ўрганиб, сабаблар ва таҳлиллар асосида киритиш лозим. Масала оналар ва болалар ўлими ҳақида кетар экан, юзаки хулосаларга таянмасдан чуқур ўрганиш керак. Бу ўрганиш ишларини бош акушер-гинеколог билан бирга 2 профессор олиб бориши кераклиги ҳақида топшириқ берилган. Ўлим сабаблари чуқур ўрганилиб, кейин вазирга ҳисобот бериш кераклиги назарда тутилган», — дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz.

Анестезиолог-реаниматолог сифатида 30 йиллик тажрибага эга Эльмира Баситханованинг таъкидлашича, ўлим сабаби кўрсатилмагани учун барча ҳолатга профессионал текширув зарурлиги бўйича «бошқарма бошлиғига муҳим топшириқ берган».

«Бунда ҳеч қандай нотўғри ёки шов-шувга сабаб бўладиган ҳолат йўқ», — деди вазир ўринбосари.

«Гўдаклар ва оналар ўлими билан боғлиқ ҳар бир ҳолат бекитиладиган нарса эмас. Қонунда ҳам, тиббиётда ҳам ҳар бир ўлим ҳолати сабаблари таҳлил қилиниб, чора кўрилади ва бу кейин юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга ечим бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам бу ҳолни бекитиш ёки „ёпди-ёпди“ қилишдан бирор инсон манфаатдор эмас», — деди у.

Вазир ўринбосари хатда «критик» (танқидий) сўзи ҳам борлигига эътибор қаратган.

«Бу ёзувни қайд этишдан мақсад ниманидир хаспўшлаш ёки бекитиш эмас. Бундай нотўғри хулосалар қилиш бу вазиятни нотўғри талқин қилиш деб ўйлайман», — деди Эльмира Баситханова.

Унинг сўзларига кўра, ўлим сабаблари 3 нафар тиббиёт фанлари доктори ва профессорлар томонидан ўрганилган ва айбдор шахслар ўз жазосини олган. «Инсон ҳаёти билан боғлиқ бундай ҳолатлар қайта содир бўлишининг олдини олиш мақсадида бу тиббий таҳлил бутун республикадаги туғруқ комплексларига кўрсатма хати билан биргаликда етказилган», — дея қўшимча қилди у.