Олий Мажлиси Сенати 21 октябрь куни ўтказилган 20 ялпи мажлисда республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағлари бошқарувчиларига 2021 йилда 11,69 трлн сўмга (1,1 млрд доллар атрофида) ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорларини оширишни маъқуллади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Тасдиқланган ўзгартишларга кўра, Молия вазирлигининг коронавирус пандемияси билан курашиш ва вакцина харид қилиш билан боғлиқ жорий харажатлари 3 трлн сўмдан 4,26 трлн сўмгача, яъни 1,266 трлн сўмга кўпайди.

Бироқ, 14 октябрь куни (Сенат мажлисидан бир ҳафта олдин) аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси парламент комиссиясининг мажлисида 1,3 трлн сўмдан 800 млрд сўм маблағ ўзлаштирилгани айтилган эди.

«Газете.uz» парламент қуйи палатаси сайтида ҳам давлат бюджети тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартишлар муҳокама қилинганлиги борасидаги бирор маълумотни топа олмади. Таҳририят шунингдек, Сенат ва Қонунчилик палаталари матбуот хизматларидан ҳам изоҳ ололмади.

Депутат Расул Кушербаев «Газета.uz» cаволига жавоб берар экан, бюджет қонунчилигини бузишнинг шу каби ҳолатлари илгари ҳам содир этилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Молия вазирлиги 2020 йилда халқаро институтларнинг кредитларини жалб қилиб, уларни сарфлагани ва йил охирида парламентга тасдиқлаш учун тақдим этган.

«Мен ўшанда улар нимага бундай қилишганини сўрагандим. Аҳир, парламент бу қонун лойиҳасини рад этиши ҳам мумкин. Бунга жавобан, улар пулни аллақачон сарфлаганлиги сабабли рад эта олмасликларини айтишди. Бу ижро этувчи ҳокимиятнинг айрим масъуллари қонун чиқарувчи органга тегишли тартабда ҳурмат кўрсатмаслиги туфайли содир бўлмоқда», — деди Расул Кушербаев.

Молия вазирлиги изоҳи

«Газета.uz» сўровига жавоб берар экан Молия вазирлиги матбуот хизмати 2021 йилда коронавирус пандемияси билан курашиш ва вакциналарни харид қилиш учун республика бюджетида 3 трлн сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилганини эслатди.

Бюджет кодексининг 126 моддасига (Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш) мувофиқ, республика бюджетининг қўшимча манбаларидан қўшимча равишда коронавирусга қарши курашиш чора-тадбирларига 800 млрд сўм ажратилган.

Ушбу қарор ёз ойларида коронавирус билан касалланган фуқаролар сонининг кескин ошиши, шунингдек, COVID-19`га қарши тезкор чора-тадбирларни ўз вақтида молиялаштиришни таъминлаш билан боғлиқ.

Маблағлар қуйидаги тартибда сарфланган:

  • 312,6 млрд сўм — коронавирус тарқалишининг олдини олиш тадбирларида иштирок этган 43446 нафар тиббиёт, санитария-эпидемиология ва бошқа ходимларга қўшимча рағбатлантирувчи тўловларга;
  • 66,5 млрд сўм — дори-дармонлар ва дезинфекция воситаларига;
  • 300 млрд сўм — вакциналар сотиб олишга;
  • 22,3 млрд сўм — COVID-19`ни даволаш муассасаларида беморларни иссиқ овқат билан таъминлашга;
  • 29,9 млрд сўм — бир марталик индивидуал ҳимоя воситалари, тест тизимлари, лаборатория реагентларини харид қилишга;
  • 68,7 млрд сўм — 19 та рентген ва 270 ИВЛ (сунъий нафас олдириш) аппаратлари харидига.

Молия вазирлигида таъкидланишича, Бюджет кодексининг 126 моддасига асосан президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ, жами бюджет харажатларининг (148,9 трлн сўм) 3 фоизидан кўп бўлмаган (4,5 трлн сўм) миқдорда фойдаланишга рухсат этилади. Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталарига маблағларнинг сарфланиши бўйича чораклик ҳисоботларни тақдим этиши зарур. Мазкур харажатлар 3 фоиз ва ундан ортган тақдирда Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилади.