16 октябрь куни Термизда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ва Афғонистон муваққати ҳукумати вакиллари музокаралар ўтказди, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Ўзбекистон делегациясига бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раҳбарлик қилди. Афғонистон томонидан эса «Толибон» бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Салам Ҳанафий қатнашди.

Толибларнинг расмий вакили Забиҳулла Муджоҳид аниқлик киритишича, афғон делегацияси таркибида шунингдек, ТИВ вакиллари, Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Таълим вазирлиги ва бошқа бир қатор ташкилотлар, қолаверса, тадбиркорлар гуруҳи ҳам бўлган.

Унинг сўзларига кўра, томонлар айниқса қиш мавсуми давомида икки томонлама савдони кенгайтиришни, шунингдек, Афғонистонга етказиб берилаётган ёқилғи ва биринчи галдаги зарурий товарлар ҳажмини ошириш, афғон тадбиркорлари учун транзит имкониятларини кенгайтириш, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш, «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш тармоқлари ва «Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар» йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳалари муҳокама қилишган.

Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон ва Афғонистон «бир неча соҳаларда ишчи гуруҳлар тузишди». Томонлар 10 кун ичида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича «йўл харитасини» тайёрлайди ва уни икки мамлакат раҳбарларига тақдим этади, деб хабар қилди Забиҳулла Мужоҳид.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Кобулда Афғонистон муваққат ҳукумат раҳбари билан музокаралар ўтказган эди. У яқин орада Термизда иккала давлатнинг ишчи гуруҳлари музокаралар ўтказишини, унда савдо-иқтисодий тусдаги, шу билан бирга, «Сурхон — Пули-Хумри» ЭУТ ва «Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар» йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳалари муҳокама қилинишини маълум қилганди.