«Толибон» бош вазири ўринбосари Абдул Салам Ҳанафий бошчилигидаги ҳаракат делегацияси 16 октябрь куни Ўзбекистонга жўнаб кетди, деб хабар беради делегация аъзоси Инамулла Саманганий Twitter саҳифасида.

«Ташриф чоғида икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик, хавфсизлик ва бошқа масалалар муҳокама қилинади», — деди Инамулла Саманганий шанба куни эрталаб.

Унинг сўзларига кўра, Термизда Афғонистон делегацияси Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги юқори даражали делегация билан музокара ўтказади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати делегация ва Ўзбекистон томони ўртасида музокаралар бошланганини маълум қилди.

Дастлаб, икки томоннинг учрашуви жума куни кутилган эди, лекин уни шанба кунига қолдиришга қарор қилинди.

7 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Афғонистон муваққат ҳукумат раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Кабир бошчилигидаги Афғонистон раҳбарияти вакиллари билан музокаралар ўтказди. Томонлар яқин орада Термиз шаҳрида савдо-иқтисодий масалаларини, жумладан, «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш тармоқлари ва «Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар» йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун қўшма музокаралар ўтказиш тўғрисида келишиб олдилар.